English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий “Хамса”си ‒ жаҳон олимлари назарида
10:15 / 2020-11-08

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарий маданият хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳақли равишда қайд этилганидек, “буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади”. 

Навоий “Хамса”си ‒ ўзбек тилида яратилган ана шундай ноёб дурдоналардан бири. Бу бешлик ‒ ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик полотноларидан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносиб. У туркий тилда яратилган илк ва ягона “Хамса” ҳисобланади. 

Шу йилнинг 6 ‒ 7 ноябрь кунлари Самарқанд давлат университетида “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи ва уларнинг Шарқ адабиёти тараққиётидаги ўрни” мавзусида  ўтказилган онлайн халқаро илмий-назарий конференцияда, жумладан, шу ҳақда гап борди.

Конференцияни СамДУнинг халқаро алоқалар бўйича проректори М. Носиров очиб, ректор, Ўзбекистон Республиккаси Олий Мажлиси сенатори Р. Холмуродовнинг табрик сўзини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, университет Мумтоз адабиёт тарихи кафедраси профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шу олий таълим муассасасида 2017 ‒ 2020 йилларда олиб борилган “Темурийлар даврида яратилган яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳаси раҳбари  М. Муҳиддинов кириш нутқи сўзлади. 

Навоий “Хамса”си ўзидан олдинги Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий “Хамса”ларига қиёсан бирмунча ўрганилган. Бироқ темурийлар даврида хамсачилик ўзгача бир даражада равнақ топди. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий тарихан бир пайтда ўзларининг бундай йирик эпик мажмуаларини яратди. 

Низомий Ганжавий “Хамса”си яратилганидан кейин орадан бир аср вақт ўтиб, Амир Хусрав Деҳлавий унга жавоб ёзди ва шу билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берди. Хусрав Деҳлавийдан кейин бу анъана бутун Шарқ дунёсига тарқалди ва жуда кўп халқларда Низомий достонлари мотивлари асосида достонлар пайдо бўлди. Озарбайжон олими Ғазанфар Алиев Нзомийга пайравлик қилган 300 га яқин ижодкорнинг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган асарларини аниқлади. 

Хамсанавислик тарихида темурийлар даври адабиёти, айниқса, ХV аср Ҳирот адабий муҳити алоҳида ўрин эгаллайди. Бу даврда 4 та тўлиқ “Хамса” яратилди. Булардан иккитаси Навоий ва Жомий қаламига мансуб бўлса,   қолган иккитаси – Жамолий ва Ашраф Мароғий “Хамса”лари. Кейинги иккиси у қадар кенг шуҳрат топмади. Бу хамсанавислар бир давр ва ягона адабий муҳитда яшаган бўлсалар-да, уларнинг хамсачиликка муносабатлари турлича эканини кўриш мумкин. Бу фарқланиш достонларнинг сюжетидан тортиб, ғоявий мундарижа ва шаклий атрибутларигача кўзга ташланади. Шу маънода темурийлар давридаги ижодкорларнинг хамсанависликка муносабатини Ҳирот адабий муҳити фонида кузатиш фан учун керакли натижалар беради. 

Умумий тарзда олганда, фақат XV аср Ҳирот адабий муҳитининг ўзида 20 га яқин ижодкор хамсанависликда ўз кучини синаб кўрган. Гарчи бу ижодкорларнинг ҳаммаси Низомийнинг барча достонларига жавоб ёзмаган бўлса ҳам, муайян асарга жавоб ёзиш билан мазкур анъана давом этишига ўз ҳиссасини қўшган. Бу даврдаги Низомий мавзуларига мурожаат қилган ижодкорлар ҳақида ўша даврнинг мўътабар адабий ва тарихий манбалари – Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг  “Тазкират уш-шуаро”, Ғиёсиддин Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарларида алоҳида сўз боргани хамсанавислик анъанаси Ҳирот адабий муҳитида ижоднинг асосий устувор йўналишларидан бири  бўлганидан далолат беради. 

Деярли бир даврда ижод қилган форсийзабон шоир – Абдибек Шерозий учта “Хамса” ёзгани, лекин улар кераклича шуҳрат топмагани, бу шоир  достонларида сиёсий-мафкуравий мотивлар адабий-эстетик ниятлардан устун бўлгани ҳам Ҳирот адабий муҳитидаги ижодий эркинлик, ижодкорларнинг виждон ҳурлиги, иймон ва эътиқод бутунлигига содиқ қолишларига имкон яратгани билан изоҳланади. 

Бугунги кунга қадар қилинган тадқиқотларда, Навоийнинг “Хамса”си учта салафи – Низомий, Деҳлавий ва Жомий таъсирида ёзилган, деган қараш устувор бўлиб, Навоий “Хамса”си шу учта машҳур хамсанависнинг ижодига қиёсий равишда таҳлил қилинди. Аммо Навоий “Хамса”си достонларини ўз даврида деярли бир вақтда яратилган бошқа “Хамса”лар билан солиштириш ва қиёсий таҳлил қилиш амалга оширилган эмас. Шунингдек, Навоий достонларининг “Хамса” таркибидаги муайян достонига жавоб ёзган замондош шоирлар(Ҳилолий, Оҳий, Ҳотифий, Биноий)нинг асарлари билан солиштирилмаган. Ҳолбуки, Навоий “Хамса”си ўз даврида энг машҳур асарлардан бири бўлгани, унинг лексик қатлами тадқиқи ўша даврдаёқ бошлангани, Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган нусхалар жаҳон кутубхоналари фондида энг кўп сақланадиган қўлёзмалардан экани Навоийнинг замондош шоирлар ижодига таъсирини, энг аввало, хамсачилик анъаналари билан боғлиқ ҳолда текширишни тақозо этади.

Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Навоий “Хамса”сини яратишда фақат форсий салафлардан эмас, балки ўзигача бўлган туркий шеъриятнинг тажрибаларидан ҳам ижобий фойдаланган. Жумладан, “Ҳайрат ул-аброр”да қўлланилган вазнда Навоийгача Саййид Қосимийнинг “Мажмаъ ул-ахбор” ва Ҳайдар Хоразмийнинг “Махзан ул-асрор” достонлари ёзилгани, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги вазн ўлчови туркий халқлар орасида машҳур бўлган “Муҳаббатнома” қўшиқлари ритмикасига мос тушишини Навоийнинг ўзи “Мезон ул-авзон”да қайд қилиб ўтгани “Хамса”лар тадқиқида туркий манбаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади.

Навоий “Хамса”сини унинг бошқа асарлари билан қиёсий-типологик ўрганиш ҳам  янги йўналиш ҳисобланади. 

Ана шундай масалаларнинг ечимини фундаментал асосда ҳал қилиш мақсадида Самарқанд давлат университетида 2017 ‒ 2020 йилларда “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” мавзусида фундаментал тадқиқот олиб борилди. Лойиҳа доирасида 2  мақолалар тўплами, 1  дарслик, 1 ўқув қўлланма, 7  монография нашр этилди. Монографиялардан 2 таси Германиянинг “LAP LAMBERT” халқаро академик нашриётида инглиз тилида чоп этилгани хориж мутахассисларининг навоийшунослик ҳақидаги қарашлари янада тўлиқ бўлишига ҳисса қўшди. Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари хулосалари мақола ва тезислар шаклида республика ва халқаро илмий журналларда, илмий конференциялар маърузалар матнлари тўпламларида эълон қилинди. 

Мазкур халқаро илмий-назарий конференция ана шу фундаментал лойиҳа режаси асосида ўтказилди. 

Навоий ижоди, хусусан, “Хамса”сининг жаҳон адабиётида тутган ўрни, бошқа халқлар сўз санъатига таъсири масалалари ҳақида, хусусан,  конференциянинг ялпи мажлисида  ўз маърузалари билан иштирок этган туркиялик Мустафо Ўғурли, Воҳид Турк, мисрлик Ҳошим Исмоил, ҳиндистонлик Хон Ҳаснайн Аақиб каби олимлар сўз юритди. Шунингдек, С. Олим, Ж. Элтазаров, Н. Жабборов, Н. Шодмонов, Ж. Ҳамроев, А. Эркинов, И. Мирзаев,  Э. Мусурмонов, С. Тоҳиров, У. Қобилов ва бошқа ўзбек олимлари маърузалари ўртага қўйилган масаланинг турли қирраларини ёритишга муносиб ҳисса қўшди.

Иккинчи куни конференция “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи”, “Шарқ маснавийнавислиги тарихи ва тараққиётида адабий таъсир ва типология масалалари”, “XV аср Хуросон адабий муҳити ва унда Жомий ҳамда Навоийнинг мавқеи. Абдураҳмон Жомий адабий мероси”, “Алишер Навоий “Хамса”си: архитектоника ва композиция, образлар бадиияти, мазмун ва ғоялар олами”, “Адабий матншунослик: нашр, таржима, илмий таҳлил ва талқин. “Хамса”ларда тасаввуфий оҳанглар”, “Жаҳон адабиётида “Хамса” мотивлари. Янги давр хамсашунослиги: ютуқлар, муаммо ва вазифалар” ҳамда “Хамса”ларда тил ва услуб масалалари” мавзулари бўйича 7 шўъбада давом этди.

Зиёда ҒАФФОРОВА,

“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.