Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий “Хамса”си билимдонлари аниқланди
15:53 / 2023-10-18

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари ҳамкорлигида “Навоий “Хамса”си билимдонлари” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Мазкур танлов 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллалар ёшлари ўртасида буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, унинг ўлмас асарларини ўрганиш мақсадида ўтказилди.

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар Алишер Навоий бебаҳо адабий меросининг халқимиз ва жаҳон адабиёти тарихи ҳамда миллий маданиятимиз ривожидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

– Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ҳамда хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Унинг асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, ижоди ва фаолиятига оид турли давра суҳбатлари, маънавий-маърифий кечалар, конференциялар ўтказилмоқда. Бугунги тадбир ҳам аҳолининг, жумладан, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.

Кўрик-танловда Навоий ва Ғозғон шаҳарлари, Кармана, Нурота, Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор ва Хатирчи туманларидан келган жамоалар ўзаро баҳслашди. Жамоаларга Алишер Навоийнинг “Хамса” асаридаги 5 та достондан 20 тадан савол берилиб, жавоблар баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Қизилтепа туманининг “Зиё”, 2-ўринни Нурота туманининг “Навоий ворислари” ва 3-ўринни Навоий шаҳрининг “Ширин” жамоаси эгаллади.

Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири