Буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Самарқандда адабий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Бугун Самарқанд шаҳридаги аллома номи билан аталувчи марказий истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалар, самарқандлик ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
– Алишер Навоий таваллуд санаси бугун нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам кенг нишонланмоқда, – деди тадбирда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Чунки бу сана ЮНЕСКОнинг ҳар йилги илмий-маданий дастурлари рўйхатига киритилган бўлиб, мазкур ташкилотлар аъзо давлатларнинг барчасида Алишер Навоий туғилган кун ва бу улуғ аллома мероси ёд этилади. Буюк бобомиз асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик, саховатпешалик, маърифатпарварлик, илоҳий ишқ мадҳи олти асрдирки дунё халқларини ҳамжиҳатликка, бирдамликка чорлаб келади. Шунинг учун Навоий ва унинг мероси инсониятнинг маънавий бойлиги саналади ва ундан сайёрамиздаги барча халқлар баҳраманд бўлади.
[gallery-27547]
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фармон Тошев, Самарқанд давлат университети профессори, адабиётшуноси олима Назмия Муҳиддинова, Самарқанддаги Озарбайжон миллий-маданият маркази раҳбари Рамал Мирзаев Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти, бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз юритиб, шоир асарларида илгари сурилган ғоялар бугунги кун учун ҳам долзарблигини таъкидлади.
Маросимда вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари буюк мутафаккир ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқиди. Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан Навоий сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Самарқандлик санъаткорлар эса Алишер Навоий ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар ижро қилди.
Тадбир якунида Ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари