Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Маросимда таниқли адабиётшунос олимлар, вилоят ҳокимлиги вакиллари, университетнинг Филология ва санъат факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда Алишер Навоий меросининг бугунги кунда ҳам долзарб ва муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-23545]
Тақдимотда энциклопедия масъул муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов томонидан ушбу ноёб асарнинг яратилиш тарихи, унинг мазмун-моҳияти ва илмий-методик аҳамияти ҳақида чуқур таҳлилий фикрлар билдирилди.
Тадбир нафақат илмий жамоатчилик, балки ёш авлод учун ҳам катта маънавий аҳамият касб этди,--- дейди УрДУ биринчи проректори Дилшод Ибадуллаев.--Мазкур энциклопедиянинг илмий ва амалий аҳамиятига тўхталадиган бўлсак, унинг ўзбек адабиёти ва тилшунослик тараққиётидаги ўрнини жуда катта деб биламан. Энциклопедия келгусида таълим сифатини оширишда, ёшлар маънавиятини бойитишда жуда катта ҳисса қўшади.
Тадбир давомида талабалар томонидан Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ижро этилди, миллий куй-қўшиқлар янгради, гўзал рақслар намойиш этилди. Айниқса, буюк мутафаккирнинг “Лисон ут-тайр” асаридан саҳналаштирилган парча тақдимотга ўзгача файз ва кўтаринкилик бағишлади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари