Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий давлат педагогика институти кампуси қурилмоқда
16:11 / 2024-07-09

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Навоий давлат педагогика институти ректори Муҳиддин Калонов ва бошқа масъуллар билан биргаликда Навоий шаҳри, Ёшлик маҳалласидаги 15 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган институт кампуси янги лойиҳаси билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 июндаги “Навоий давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, 2023-2027 йилларда “Ёшлик” МФЙ ҳудудида Навоий давлат педагогика институти кампуси барпо этилиши режалаштирилган.  

Биринчи босқичда Санъатшунослик факультети ва унинг ёнида 650 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи қад ростлайди. Шунингдек, 12 қаватли маъмурий бино, 8 та факультет биноси, ичимлик суви ҳавзаси, қозонхона ҳамда 120 та машинага мўлжалланган автотураргоҳ жой олади. Иккинчи босқичда қуриладиган бинолар ёнида музей, илмий-тадқиқот хонаси, коворкинг маркази, ахборот-ресурс маркази барпо этилади. Шу билан бирга рўйхатга олиш (регистратор) офиси, талабалар амалиёти бўлими, инкубация ва акселерация маркази навбати билан фойдаланишга топширилади.  

Хуллас, 2027 йилга қадар 12 минг ўринли ўқув бинолари, 2 минг 400 ўринли талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари, амфитеатр, сайилгоҳ ва замонавий ўқув лабораторияларига эга кампус қуриб битказилади.  

Кампусни барпо этиш харажатлари институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, мавжуд бино ва иншоотларини аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан сарфланади.  

Шунингдек, кампус ҳудудигача ташқи ичимлик ва оқова сув, электр, газ, алоқа таъминоти тармоқлари ҳамда иншоотлари, йўллар қурилиши харажатлари масъул вазирлик, идоралар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Кампуснинг иссиқ сув истеъмоли ҳажмининг камида 25 фоизи ушбу объектда ўрнатиладиган қуёш сув иситиш қурилмалари орқали қопланади.  

Вилоят ҳокими лойиҳа билан танишар экан, масъулларга керакли тавсиялар берди  

А.Бўриев, ЎзА мухбири