Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир ҳамда ўзбек тили ва адабиёти асосчиси Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Назм ва наво” деб номланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, адабиёт ихлосмандлари, ўқувчи ёшлар иштирок этган тадбир очилишида сўз олган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби директори Шоҳистахон Нурматова ва бошқалар томонидан Навоийнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, адабий-ижодий мероси, унинг тарбиявий аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Тадбирда адабиёт фани ўқитувчиларининг “Навоий ижодида комил инсон қиёфаси”, “Навоий – буюк тарбиячи”, “Навоий асарларини ўрганишнинг долзарб масалалари” сингари қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар, умуман, Навоий ижоди, унинг тарбиявий аҳамияти, шоир асарлари орқали ўқувчилар қалбида юксак инсоний фазилатларни, адабиётга, шеъриятга ҳурмат ва қизиқиш туйғуларини мустаҳкамлаш, ана шу йўналишдаги тарғибот ишларини самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

– Ҳазрат мир Алишер Навоий буюк тарбиячидир, – дейди Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шахло Хомидова. – Чунки, улуғ зотнинг ҳар бир асари, аксарият ғазал ва рубоийлари мазмун-моҳияти билан инсонни тарбиялайди, маънавиятини, тафаккурини юксалтиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида ўқувчи ва ўқитувчилар Алишер Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан, ёш ижодкорлар эса ўз шеърларидан намуналар ўқиди.

Ижод мактаби ўқувчилари томонидан намойиш этилган буюк мутафаккир асарларидан саҳна кўринишлари, мусиқий чиқишлар ва шеърий композициялар тадбир иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятдаги барча таълим муассасаларида ўтказилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари