Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий асарлари миллатимиз руҳини мустаҳкамлайди
19:10 / 2026-02-09

Алишер Навоий асарлари даврлар оша фақат адабиёт саҳнасини эмас, миллат тафаккурини ёритиб келаётган маънавий машъалдир. Унинг ғазалларида ишқ бор, аммо бу ишқ — фақат ошиқона туйғу эмас, инсонга, адолатга, ҳақиқатга бўлган чин садоқатдир. Улуғ шоир асарларида ҳақиқий гўзаллик бор ва бу гўзаллик масъулият ва маърифат билан уйғунлашиб кетган.

Президентимиз Навоий мероси ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда беқиёс маънавий манба эканини бир неча бор таъкидлаган. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, Навоий асарлари миллат руҳини мустаҳкамлайдиган, ёшларни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялайдиган ҳаёт мактабидир. Бу эътироф бизга Навоийни ўрганишни фақат адабий жараён эмас, балки стратегик маънавий вазифа сифатида кўришни тақозо этади.

Айни шу нуқтаи назардан қаралганда, Жиззах политехника институтида Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий тадбир рамзий аҳамият касб этди.  

[gallery-27558]

Тадбир давомида айтилган фикрлар, билдирилган мулоҳазалар битта хулосага олиб келади: Навоий — бу ўтмиш эмас. У бугун билан ҳамнафас, келажак билан ҳаммаслак. Навоий асарларидаги адолат, ҳалоллик, илмга эҳтиром, инсон қадрига юксак муносабат каби ғоялар  

бугун ҳам ўз долзарблигини асло йўқотмаган.

Саҳнада янграган ғазаллар, талабалар юрагидан сизиб чиққан қўшиқлар эса яна бир ҳақиқатни очди: агар Навоий ёш қалбларга тўсиқсиз  кириб борса, бундай қалбларда маънавий бўшлиқ қолмайди. Навоий асарлари фақат  китоб саҳифларида эмас, балки онг ва амалда яшаши керак.

Бугунги глобаллашув, ахборот оқими, тезкор ҳаёт шароитида ёшлар учун энг катта хавф — бепарволик ва маънавий бефарқликдир. Навоий эса айнан шу бефарқликка қарши қўйилган маънавий қалқондир. У инсонни ўйлашга, масъулиятли бўлишга, нафс  билан эмас, ақл ва виждон билан яшашга чорлайди.

Шу маънода, Навоийни англаш — ўзликни англаш демакдир. Уни ёд этиш билан чекланиб қолмасдан, унинг орзусидаги комил инсонга айланишга интилиш — бугунги ёш авлод олдида турган ҳаётий эҳтиёждир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА