Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида бошланғич касбий тайёргарликнинг навбатдаги курсида таҳсил олаётган 400 нафардан зиёд тингловчиларнинг қасамёд қабул қилиш тантанали маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, тингловчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этишди.
Тадбир бошида ўзининг шижоати ва билими билан намуна кўрсатган тингловчилар томонидан саф майдони бўйлаб ўзгача ғурур ва чуқур масъулият билан баланд кўтарилган ҳолда давлатимиз байроғи вазирлик оркестри ижроси остида, тантанали равишда олиб ўтилди ҳамда бир чизиқда ростланиб саф тортган тингловчилар ва бошқа иштирокчилар томонидан давлатимиз мадҳияси ижро этилди.
Тадбирда истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида профессионал асосдаги ички ишлар органлари шакллангани, ушбу тизимда хизмат олиб бораётган ходимлар халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида масъулият билан хизмат олиб бораётганликларини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг, ўқув йиғинига жалб этилган, бошланғич тайёргарликни ўтаётган тингловчилар Ўзбекистон Республикасига, халқимизга ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш борасидаги тантанали қасамёдни қабул қилдилар.
Сўзга чиққан фахрийлар, тингловчиларнинг яқинлари ҳамда бошқа қатнашчилар Қасамёд қабул қилган тингловчиларга келгусидаги шарафли хизмат фаолиятида муваффақиятлар тиладилар.
Тингловчилар ўз қасамёдларига содиқ қолган ҳолда кучли масъулият ҳамда шижоат билан иш олиб боришларига умид билдириб, уларнинг келгусидаги фаолиятида омад ҳамда зафарлар тилаймиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-OkfsfZVCWY" title="Navbatdagi qasamyod tadbiri o`tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА