Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навбатдаги Евроосиё ёшлар иқтисодий форумида қамров ва натижа қандай бўлди?
07:50 / 2023-04-28

Евроосиё ёшлар иқтисодий форумининг муҳим тадбирлари 24-28 апрель кунлари Екатеринбург шаҳридаги қатор муассасаларларда бўлиб ўтди.

Евроосиё ёшлар иқтисодий форуми Урал давлат иқтисодиёт университети томонидан МДҲ давлатлари ва Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Жорий йилда тадбир ўтказиладиган майдончалар сони ўтган йилгига нисбатан қарийб икки баравар ошди. Санкт-Петербург, Остона, Бишкек, Душанбе, Баку, Минскдаги олий ўқув юртлар қаторига Владивосток, Калининград, Тошкент, Ўш, Олма-Ота университетлари ҳам қўшилди. Форумда жами 152 университет вакиллари иштирок этди.

Жорий йилги форум “Янги воқелик марказида кўп қутбли дунё” мавзуида бўлиб ўтди. Унда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан ўн икки мингга яқин вакил рўйхатдан ўтди. Танлов дастури иштирокчилари сони ўтган йилгидан икки баравар ошди. Олтита конгресс доирасида ўтказиладиган 45 та танловга Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Белорус, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбайжондаги мактаб ўқувчилари, талабалардан 8 минг 800 дан ортиқ ариза келиб тушган. Етти мингдан ортиқ экспертлар қатнашчиларнинг ишларини баҳолаб, иқтисодиёт, таълим, инновациялар, молия ва компьютер хавфсизлиги, бошқарув ва ҳуқуқ, туризм, барқарор ривожланиш, солиқ йўналишлари бўйича очиқ маърузалар ўтказди. Форумнинг иккинчи иш кунида бир вақтнинг ўзида 33 та очиқ маъруза ўтказилди.

Форум доирасида Евроосиё тармоқ университетини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ташкил этилган Ректорлар форумида Россия ва хориждаги 63 та олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирок этди. Ушбу ва бошқа учрашувларда талабалар, профессор ўқитувчилар таркибининг академик сафарбарлиги, турли йўналишларда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тажриба алмашиш каби йўналишларни кўзда тутадиган бир қанча ҳужжатларни имзолаш маросимлари бўлиб ўтди.

Урал давлат иқтисодиёт университети ва бир хорижий университетлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Геосиёсий ва макроиқтисодий трансформация мавзуси бўйича мулоқот қилиш учун 67 та дипломатик вакил, жумладан, хорижий давлатларнинг 36 та элчиси форумга ташриф буюришди. Дипломатлар иштирокида “Тенг ҳуқуқда мулоқот қилиш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди, унда хорижий талабалар ҳам иштирок этишди.

XIII форумининг тантанали очилиш маросимида халқаро алоқаларни кенгайтириш бўйича юритаётган ишлар таъкидланиб, форум мавзусининг муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этди.

Форум тарихида илк маротаба “Янги сиёсий, иқтисодий ва халқаро воқеликда ОАВнинг ўрни” мавзуида медиафорум ташкил этилди. Унда Россия, Свердловск вилояти ва хориждаги 44 та ОАВ вакиллари ва матбуот хизматлари ходимлари қатнашди.

Медиафорумни ташкиллаштиришда Урал давлат иқтисодиёт университетига «Комсомольская правда» медиа гуруҳи ҳамкорлик қилди. Медиафорум қатнашчилари тажрибали журналистлар билан бирга сифатли ва тезкор ахборот узатиш, анъанавий ОАВга бўлган ишонч даражаси каби соҳадаги энг долзарб масалаларни муҳокама қилди. Форум тадбирлари Екатеринбург шаҳрининг 300 йиллигини нишонлаш дастурига киритилгани боис, шаҳар мэри Алексей Орлов Россия ва МДҲ давлатлари ОАВ раҳбарлари учрашув ўтказди.

Форумнинг спорт дастури ҳам анча кенгайди. Урал давлат иқтисодиёт университети майдонида учинчи маротаба халқаро гроссмейстер, шахмат бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Анатолий Карпов номида шахмат бўйича турнир ташкил этилди. 138 нафар шахматчи, жумладан бир неча гроссмейстерлар Свердловск вилояти шахмат Федерацияси шафелиги остидаги нуфузли мукофотни қўлга киритиш учун беллашишди.

Бундан ташқари, Урал давлат иқтисодиёт университетининг спорт соғломлаштириш мажмуасида талабалар ўртасида Самбо бўйича мусобақа ҳам бўлиб ўтди.

Анъанага кўра, қўл меҳнати, рассомчилик бўйича маҳорат дарслари, пул белгиларининг ноёб коллекциялари, Екатеринбургнинг 300 йиллигига бағишланган расмлар кўргазмаси ҳамда “Мен рассомман. БМТ нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ёшлар нигоҳида” ижодий танлови қатнашчиларининг ишлари намойиш этилган кўргазма форум дастурини янада бойитди.

“Дунё бўйлаб” маданий фестивали халқаро дўстлик мавзусини давом эттирди. Тадбир «Екатеринбург-ЭКСПО» халқаро кўргазмалар марказида форумининг тантанали очилиш маросимидан олдин бошланди. Фестиваль форумнинг беш мингга яқин меҳмонлари ва иштирокчиларини бир жойга тўплади. Кўргазма майдонида уй рўзғор ва санъат буюмлари, китоблар, мусиқа асбоблари, миллий либослар намойиш этилди.

Форум ғолибларни тақдирлаш маросими билан якунланди. Танловнинг ҳудудий босқичларида мингдан зиёд иштирокчи ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг якуний босқичига чиқишди.

Икром Аввалбоев, ЎзА

Екатеринбург, Россия