Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Навбаҳор"нинг аввалги мавқеи тикланади
18:38 / 2026-02-26

Наманган шаҳридаги "Паҳлавон" спорт мажмуасида “Навбаҳор” профессионал футбол клубининг 2026 йилги мавсум олдидан тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзига хос равишда анъанавий байрамга улгурган ушбу тадбирда миллионлар ўйини ихлосмандлари, вилоят ташкилотлари мутасаддилари, ҳомийлар, жамоа аъзолари иштирок этдилар.  

Даставвал, улкан мониторда йиғилганлар эътиборига “Навбаҳор” жамоасининг сўнгги йилларда мамлакат ва Осиё майдонларида эришаётган муваффақиятларига бағишланган видеоролик намойиш қилинди.

Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов футболчилар, мураббийлар штаби ва барча мухлисларни бўлажак мавсум билан табриклаб, Президентимизнинг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида “Навбаҳор” ҳақида айтган эътирофини эсга олди.  

Қайд этилганидек, жорий йилда “Навбаҳор”нинг Ўзбекистон чемпиони унвонини қўлга киритганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан янги мавсумда “Лочинлар” олтин медаллар учун кураш олиб бориши вазифа сифатида белгиланди. Байрамона тақдимотда футболчиларга Суперлига ва кубок баҳсларида тўп сурадиган рақамлари туширилган либослар тантанали равишда тақдим этилди.

Айтиш лозимки, “Навбаҳор” янги мавсумда ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Жамоа тайёргарлик режаси асосида Туркияда икки бор халқаро ўқув йиғинини ўтказиб, бир қатор хориж жамоалари билан назорат ўйинларида майдонга тушди. Ўтган мавсумда мухлислар меҳрини қозонган миллий терма жамоамиз аъзоси Русланбек Жиянов, Саидазамат Мирсаидов, Аббос Ғуломов, Шоҳмалик Комилов, Забиҳулло Ўринбоев каби етакчи чарм тўп усталари билан келишув узайтирилди. Таркибга мамлакат Суперлигаси ҳамда Россия ва Грузия, Бразилия чемпионатларида тўп сурган Икром Норчаев, Ўткир Юсупов, Умар Адҳамзода, Алекс Фернандес, Гиорги Жгереная, Катулонди Кати каби 15 нафар моҳир янги футболчи жалб этилди.  

Клубнинг янги бош мураббийси, мамлакатимизнинг ўтган мавсумдаги “энг яхши мураббийи”, деб топилган Тимур Кападзе, жамоа сардори Ўткир Юсупов ва грузиялик легионер Анри Чечинадзе сўзга чиқиб, “Навбаҳор”нинг аввалги мавқеини тиклаш, Наманган футболининг нуфузини ошириш учун барча имкониятларини ишга солишларини билдирди.  

Жамоа раҳбарияти томонидан вилоят ҳокими ҳамда фаол мухлислардан жамланган “фан-клуб” етакчиларига “Навбаҳор”нинг махсус футболкалари топширилди.  

Тадбир давомида таниқли санъаткор ижросидаги дилбар куй-қўшиқлар даврага кўтаринки завқ бағишлади.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА