Мамлакат суперлигасининг 13-турдаги баҳсида “Навбаҳор” жамоаси Олмалиқнинг “ОКМК” клубини қабул қилди. Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионга келган 11 мингга яқин мухлислар ҳақиқий футбол спектаклига гувоҳ бўлди.
Турнинг марказий ўйини мақомини олган мазкур учрашув ҳар икки клуб учун ҳам катта аҳамиятга эга эди. Мусобақа жадвалида ёнма-ён бораётган ҳар икки жамоа ўтган турда очко йўқотишгани боис бу гал фақат ғалаба қозонишни мақсад қилишганди.

Учрашувни кўтаринки руҳда бошлаб, ташаббусни ўз қўлига олган майдон эгалари тезкор гол уришга муваффақ бўлишди. Ўйиннинг олтинчи дақиқасида уюштирилган ҳужум натижасида Забиҳилло Ўринбоев чиройли кўринишда дарвозага жойлаб қўйди. Тезкор гол наманганликларни руҳлантирди чоғи ўйиннинг 35-дақиқаси таблода 2:0 кўринишига асос бўлди.

“ОКМК” дарвозасига узоқ масофадан белгиланган стандарт вазиятни амалга оширган Азимжон Аҳмедовнинг кучли зарбаси йўл-йўлакай йўналишини ўзгартирган ҳолда, Гилерме Гедешга бориб тушди. Бразилиялик легионер қулай фурсатни бой бермасдан зарбани аниқ бажарди.

Танаффусдан сўнг миллионлар ўйини ихлосмандлари “еврофутбол”га хос ажойиб ҳужумларни томоша қилди. Бу борада “Лочинлар” олмалиқлик рақибларига кўп ҳолларда имкон қолдиришмади. Айниқса, Русланбек Жиянов, Алишер Одилов ва Аббос Ғуломовнинг голга чанқоқлиги яққол кўзга ташланди, аммо, якуний вазиятларда уларга омад етишмади. Ўз навбатида, 60-дақиқада юзга келган вазиятда “ОКМК”нинг хавфли ҳужумини “Навбаҳор” посбони Умиджон Эргашев қайтармаганида, ҳисоб тамомила бошқача бўлиши мумкин эди.

Учрашувда тезкорлик, маҳорат бобида ажралиб турган “Навбаҳор” жамоаси ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ҳам ҳужумкор ўйинга содиқ қолди. Захирадан майдонга туширилган бразилиялик ҳужумчи Аугусто Педро меҳмонларни дарвоза тўридан тўпни олиб чиқишга мажбур қилди. Голни аввалига бош ҳакам Акобир Шукуруллаев инобатга олмади. Бироқ, ҳолат видеотакрор тизим – “VAR” орқали кўрилганидан сўнг гол тасдиқланди. Шу тариқа ҳисоб 3:0 кўринишига келди.

– Жамоамизнинг ўйини ва натижадан қониқдим. Биз ўзбек футболининг айни пайтдаги етакчи ва кучли жамоаларидан бири – “ОКМК” клубига қарши беллашдик. Йигитлар кутилган ўйинни намойиш этиб, кўрсатмаларимизни тўла-тўкис бажаришди. Бунинг учун шогирдларимга миннатдорлик билдираман, – деди “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Сергей Лушан.
Эслатиб ўтамиз, 28 июнь, шанба куни “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида Муборакнинг “Машъал” клубини қабул қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.