Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навбаҳор туманида инвестиция ва бунёдкорлик ишлари кўлами кенгаймоқда
11:46 / 2026-03-04

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Навбаҳор туманида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди ҳамда аҳоли билан мулоқот қилди.

Дастлаб вилоят раҳбари “Навкар” маҳалласининг янгидан қад ростлаган биносида бўлди. Бу ерда маҳалла еттилиги фаолияти учун зарур шинам хоналар, касбга тайёрлаш ва спорт хоналари мавжуд.

Бугунги кунда вилоятда таълим тизимини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги мактаблар қурилиши билан бирга мавжудларини қайта таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ишлари олиб борилмоқда. Маҳалладаги 14-умумтаълим мактабида ҳам қўшимча қурилиш ишлари режалаштирилган. Мазкур таълим муассасасида Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 716 ўринли қўшимча бино ва фаоллар зали қуриш, мавжуд биноларни эса реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Вилоят раҳбари ушбу масалаларни муҳокама қилиб, мактабда ўқув жараёнини барқарор ва қулай шароитда ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

“NAVBAHOR JIAJIA CLUSTER” МЧЖ томонидан “Дўстлик” массивида пахта экин майдони тайёрланмоқда. МЧЖда пахтачилик ва тўқимачилик соҳасида кластер тизимини йўлга қўйиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Навбаҳор тумани иқтисодиёти янада ривожланиб, саноат салоҳияти оширилади, экспорт ҳажми кенгаяди ва ўнлаб аҳолининг бандлиги таъминланади.

Бу ерда хитойлик инвесторлар томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари, айниқса, пахта хомашёсини етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи йирик инвестиция лойиҳаси доирасида замонавий технологияларни жорий этиш, юқори ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими инвесторлар билан мазкур лойиҳанинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашди.

Туманда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида маҳаллаларни ихтисослаштириш жараёни олиб борилмоқда. Жумладан, Армижон маҳалласида анор етиштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳалладаги 408 та хонадонда ҳар йили ўртача 1500 –2000 тонна анор етиштирилади. Ҳар бир хонадон анорчиликдан йилига ўртача 70-80 миллион сўмгача даромад олмоқда.

Ҳоким маҳаллада ташкил этилган “Армижон анорчилик мактаби” фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда тумандаги Пахтакор маҳалласида жойлашган “Agro Center” МЧЖ томонидан иссиқхоналар ташкил этиш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда 4 гектар ер майдонида ташкил этилган иссиқхонада помидор, карам, булғор қалампири, бодринг, бақлажон, банан каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъекти бўрдоқичиликка ихтисослашган бўлиб, бу ерда қорамоллар ҳам парваришланмоқда.

Вилоят раҳбари корхона раҳбарияти билан маҳсулот турлари, сифати, экспорт салоҳияти ва бозорга чиқиш имкониятлари тўғрисида батафсил фикр алмашди ҳамда ўз тавсия ва таклифларини билдирди.

А. Бўриев, ЎзА