Бундан бир неча йиллар аввал бирор юмуш билан паспорт бўлимларига борган одам соатлаб навбат кутиб, қоғозбозлик ва югур-югурлардан асаблар таранг бўларди.
Сўнгги йилларда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати тубдан такомиллаштирилиб, замон талабларига мос равишда ривожланмоқда. Тизимнинг моддий техник базаси мустаҳкамланди. Фуқароларга тезкор хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилиб, бир қатор қулайликлар яратилди. Энди бу хизматдан фойдаланиш учун электрон навбат олиш, бир жойнинг ўзида ортиқча оворагарчиликларсиз ишни битириш мумкин. Навоий вилояти Навбаҳор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ходимлари ҳам соҳада юз бераётган ижобий ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Айни пайтда бу ерда Президентимизнинг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мурожаат қилган 1402 нафар фуқаронинг барчасига янги намунадаги шахс гувоҳномаси – идентификация картаси расмийлаштириб берилди.
Шунингдек, фуқаролик паспортига лоқайд муносабатда бўлган, уни йўқотиб қўйган 94 нафар фуқаро қайта паспорт расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилган бўлиб, уларга тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-моддасига асосан, маъмурий чоралар кўрилиб, белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикасининг шахс гувоҳномаси – идентификация картаси расмийлаштириб берилди.
Мамлакатимизда узоқ йиллардан буён истиқомат қилаётган, лекин фуқаролиги йўқ шахс мақомида бўлган жуда кўплаб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинаяпти. Навоий вилояти Навбаҳор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ходимлари томонидан фуқаролиги йўқ шахслар ва чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидалари тушунтирилиб, мунтазам равишда профилактик огоҳлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида туман ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 30 нафар фуқаролиги йўқ шахсларнинг 16 нафаридан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш бўйича белгиланган тартибда ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг барчасига Ўзбекистон Республикасининг шахс гувоҳномаси идентификация картаси расмийлаштириб берилди.
Рустам Холиқов,
Навбаҳор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи бошлиғи.
ЎзА