ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов ҳамда уюшма аъзолари Навбаҳор тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Навбаҳор тонги” газетаси таҳририятида бўлиб, ходимлар фаолияти, жамоанинг ютуқлари, келажакдаги режалари, таҳририятнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди.
Ижодий мулоқот жараёнида Отабек Аслонов Президентимиз томонидан 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифалар аҳамияти ҳақида тўхталди.
- Тан олиш керак, ҳар бир жамиятда газетанинг ўз ўрни бор, - деди О. Аслонов. - Агар жаҳон матбуотига разм соладиган бўлсак, бугунги кун газеталари ахборот етказувчи манбаа эмас, балки ҳодисага, ҳолатга холис баҳо берувчи, уни таҳлил қилувчи ва ўринли таклиф киритувчи муҳим воситага айланган.
[gallery-25583]
Самимий суҳбат чоғида журналистлар ва таҳририятлар ўртасидаги ўзаро тажриба алмашишнинг самарали натижалари, ёш журналист ва ижодкорларга тажриба мактаби сифатида ушбу газета қошида ташкил этилган “Маҳорат мактаби” тингловчилари, уларнинг ижодий изланишлари хусусида ҳам сўз юритилиб, таклиф ва тавсиялар берилди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА