French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навбаҳор” суперлигада якка пешқадамга айланди
21:33 / 2023-03-11

Наманган шаҳридаги "Марказий" стадионда бўлиб ўтган футбол бўйича мамлакат Суперлигаси 2-тур доирасида "Навбаҳор" ва "Металлург" жамоалари баҳс олиб борди.

Стадионга тўпланган 12 мингга яқин томошабинлар ўз севимли жамоаларидан фақат ёрқин ўйин ва ижобий натижа кутишганди. Боиси, чемпионат дебочасида “навбаҳор”чилар ўз уйида йирик ҳисобда ғалабани нишонлаган эди.

Бунинг акси ўлароқ бекободлик футболчилар Фарғонанинг “Нефтчи” клубини қабул қилиб, ўз дарвозаларидан жавобсиз учта тўп олиб чиқишга мажбур бўлишганди. Шу боисдан ҳам Тошкент вилоятилик клуб аъзолари бу гал ғалабани ўйлаган ҳолда Наманганга келишди.  

Учрашув мезбонларнинг кетма-кет шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Воқеалар ривожини бундай старт олишини кутмаган “Метулларг” жамоаси ҳимоячилари томонидан хатоликлар кўзга ташланди. Учрашувнинг 38-дақиқасида адаши Жамшид Искандеровнинг “аут”дан оширган тўпни Жамшид Болтабоев рақиб жарима майдончасига ичига “ёриб” кирган ҳолда ҳисобни очди - 1:0.  

Танаффусга чиқишга уч дақиқа қолган бир вазиятда Жасур Яхшибоев наманганликларнинг иккинчи голига муаллифлик қилди. У Темирхўжа Абдухолиқовнинг тўп узатишидан кейин жарима майдони ичида бир рақибни алдаб, гол урди – 2:0.

"Навбаҳор" футболчилари иккинчи таймни ҳам фаол бошлашди, бироқ голга тортадиган хавфли вазиятлар вужудга келтирилгани йўқ. “Металлург” мураббийлар штаби беллашувда туб бурилиш ясаш мақсадида майдонга захира кучларини туширди. Аммо ўйинга қўшилган икки футболчи жамоадошларига ёрдам беролмади.

Ўйиннинг 74-дақиқасида эса меҳмонлар майдонда бир киши кам бўлиб қолди. “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаянни ҳақорат қилгани учун Иброҳим Ибрагимовга қизил карточка кўрсатилиб, майдондан четлатилди.  

Табиийки, бу ҳолат майдон эгаларига қўл келди. “Лочинлар” сўнгги дақиқаларда яна рақиб томон ҳужумлар уюштирди. Ҳакам қўшиб берган дақиқаларда “Навбаҳор”нинг тезкор ярим ҳимоячиларидан бири Асадбек Собиржонов чап қанотдан дадил олинган интилиб, тўпни марказда турган Искандеровга узатди. Жамшид эса тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ўз номини таблога ёздириб қўйишга эришди.

Шу тариқа, чемпионатнинг иккинчи турида ҳам йирик – 3:0 ҳисобида зафар қучган “Навбаҳор” жамоаси мусобақа жадвалида пешқадамликни ўз қўлига олди. “Металлург” клуби эса иккинчи ўйинда ҳам мағлубият аламини тотиб кўришига тўғри келди.

Наманганлик футболчиларни энди 17 март куни пойтахтимизда жиддий синов кутиб турибди. Унда “Лочинлар”, дастабки икки ўйинда рақибларига ютқазган амалдаги чемпион – “Пахтакор” жамоасига қарши майдонга тушадилар.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА