Якунига етган 2025 йилги мавсум Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси учун кутилганидек бўлмади. 2024 йилда бронза медалига сазовор бўлган “Лочинлар” ўтган мавсумда мамлакат суперлигасида еттинчи ўрин билан кифояланди. Мураббийлар Сергей Лушан ва Шерзод Жўраев бошчилигида қайд этилган бу натижадан клуб раҳбарияти, айниқса, минглаб мухлислар қониқиш ҳосил қилишмади. Суперлига поёнига етиши билан “Навбаҳор” клуби Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган Темур Кападзени бош мураббий сифатида расман жамоатчиликка таништирди.
Эроннинг “Фулад” клубидан тажрибали дарвозабон, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ўткир Юсупов, Россия Федерациясининг “Оренбург” клубидан грузиялик ҳимоячи Анри Чичинадзе, “Андижон” жамоасидан ҳимоячи Ислом Маматказин ва ҳужумчи Муҳаммадали Усмонов, “Қизилқум” клубидан ҳимоячи Дилшод Комилов, “Сўғдиёна” клубидан ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Абудраҳмонов “Пахтакор” клубидан ҳимоячи Умар Адҳамзода ва ярим ҳимоячи Диёр Ҳолматов, “Нефтчи” жамоасидан ярим ҳимоячи Қувондиқ Рўзиев янги мавсумда “Навбаҳор” жамоасида тўп суради.

Ўтган мавсумда чиройли ўйинлари орқали футбол ихлосмандларига завқ улаша олган ярим ҳимоячилар Аббос Ғуломов, Забиҳулло Ўринбоев, Саидазамат Мирсаидов, Шоҳмалик Комилов ҳамда нигериялик легионер Бенжамин Тейди каби иқтидорли чарм тўп усталари билан амалдаги шартнома муддатлари узайтирилди.

Янги йилдан сўнг “Навбаҳор” футболчилар Тошкент шаҳридаги махсус шифо марказида тиббий кўрикдан ўтиб, Миллий футбол маркази ўйингоҳида ўн кун давомида тайёргарлик машғулотларида иштирок этди. 14 январь куни “Навбаҳор” делегацияси Туркия давлатига жўнаб кетади. Наманганликлар қишки ўқув-машғулот йиғинининг қолган асосий қисмини Европада ўтказиши режалаштиришган. Биз кўҳна қитъа сафаридан аввал, “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Темур Кападзега бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.

– Аввало, сизни Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси томонидан эълон қилинган миллий терма жамоалар билан ишлайдиган энг яхши мураббийлар рейтингида эътироф этилганингиз билан қутлаймиз.
– Албатта, ҳар қандай мураббий ўз меҳнати эътироф этилишини истайди. Аммо, асосий эътибор ҳар доим натижа ва жамоанинг ривожига қаратилган бўлади. Жаҳон спортида юқори нуфузга эга бўлган “IFFHS” ташкилоти томонидан эътироф этилиш – бу нафақат мен учун, балки бутун Ўзбекистон футболи учун муҳим ютуқ, деб ҳисоблайман.
– Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабини тарк этганингиздан кейин олдингизда бир қатор таклифлар бўлди. “Навбаҳор”ни айнан нима учун танладингиз?
– Терма жамоамиздан кейин бир қатор таклифлар бўлгани рост. Лекин “Навбаҳор”ни танлашим тасодиф эмас. Бу клубнинг катта тарихи, ўзига хос мухлислари ҳамда доимо қўллаб-қувватлаб келаётган ва юқори мақсадлар қўядиган раҳбарияти бор. Энг муҳими, бу ерда мен ўз футбол фалсафамни амалга оширишим учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Қолаверса, “Навбаҳор” икки йилдан бери менга қизиқиш билдириб келаётганди. Раҳбарият билан ҳам гаплашдик. Лекин жамоани бошқаришимга асосий сабаб бўлган омил мухлислардир. Чунки, уларнинг хоҳиши жуда юқори эди.
– Ўтган мавсумларда “Олимпик” клуби ва миллий терма жамоада фаолият юритган мураббий сифатида “Навбаҳор”нинг ўйинларини кузатгансиз, албатта.
– “Навбаҳор” жамоаси ўтган мавсумда барқарор ўйин намойиш этди, айниқса, айрим учрашувларда футболчиларнинг характери ва курашувчанлиги яққол кўринди. Албатта, камчиликлар ҳам бўлган, лекин бу табиий. Жамоанинг салоҳияти бор, энди уни тўғри йўналтириш муҳим.
– Клуб раҳбарияти томонидан 2026 йилда жамоа олдига қандай мақсадлар, вазифалар ва режалар ҳақида тўхталсангиз.
– Раҳбарият билан мақсадлар аниқ белгилаб олинган. Жорий йилги мавсумда “Навбаҳор” совринли ўринлар учун кураш олиб бориши, шу билан бирга ўз ўйин услубига эга, барқарор жамоа сифатида шаклланиши керак. Янги мавсумга тайёргарлик режали ва босқичма-босқич ташкил этилади. Пойтахтдаги ва Туркияда бўлажак йиғинларда жисмоний тайёргарлик, тактик жиҳатлар ва жамоавий ўйин уйғунлигига катта эътибор қаратамиз.
– Наманган – истеъдодларга бой маскан. Ўз вақтида Анвар Солиев, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Одил Аҳмедов, Хайрулло Каримов, Сайдулло Турсунов, Отабек Пирматов, Рашид Ғофуров каби таниқли чарм тўп усталари етишиб чиққан бу заминда туғилган ёш авлод вакилларидан Ботирали Эргашев, Одил Ҳамробеков, Азиз Турғунбоев сингари футболчилар айни пайтда бошқа жамоалар аъзоси ҳисобланади. Бундай маҳоратли маҳаллий футболчиларни “Навбаҳор” таркибига жалб этиш кўзда тутилганми?
– Маҳаллий футболчиларга ишониш ва уларни ривожлантириш, клуб сиёсатида муҳим ўрин тутади. Агар ҳар қандай маҳаллий футболчи “Навбаҳор” даражасига жавоб берса ва жамоамизга фойда келтирса, уни жалб этиш масаласи доимо очиқ.
– “Навбаҳор” сафида ўтган мавсумда чиройли ўйинлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Русланбек Жияновни клубда олиб қолиш борасида амалий ишлар қилиняптими?
– Русланбек Жиянов чиндан ҳам жамоамиз учун муҳим. Уни Наманганда олиб қолиш бўйича клуб мутасаддилари билан биргаликда иш олиб борилмоқда. Барча масалалар икки томон манфаатини инобатга олган ҳолда ҳал қилинади.
– Таниқли мутахассислардан Самвел Бабаян “Андижон” клубида, Исломбек Исмоилов “Нефтчи” жамоасида, сиз эса “Навбаҳор”да иш бошладингиз. Бу йил мухлислар чинакамига водий интригасига гувоҳ бўлишлари шубҳасиз. Қолаверса, “Пахтакор”, “Насаф”, “Динамо”, “ОКМК” клублари ҳам отни қамчилаши аниқ. Янги мавсумда совринли ўринлар учун қайси жамоаларнинг имкониятларини юқори баҳолайсиз?
– Албатта, водий жамоалари ўртасидаги рақобат ҳар доим қизиқарли бўлган. Бу футбол ривожи учун фақат ижобий ҳолат. Шу билан бирга, “Пахтакор”, “Насаф”, “Динамо”, “Бунёдкор”, “АГМК” каби кучли жамоалар ҳам доимий рақиб ҳисобланади. Янги мавсумда суперлига ва кубок баҳслари жуда кескин ва муросасиз руҳда бўлади, деб ўйлайман.
ЎзА мухбири Оқилхон Дадабоев суҳбатлашди.