Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Навбаҳор" сафарда ғалаба қозонди
11:59 / 2023-07-31

Футбол бўйича мамлакатимиз Суперлигасининг 14-туридан ўрин олган сўнгги икки учрашув "Қизилқум" - "Навбаҳор" ва "Бунёдкор" - "Сўғдиёна" жамоалари ўртасида ўтказилди.

"Қизилқум" ўз майдонида "Навбаҳор"га қарши майдонга тушди. Учрашувнинг 3-дақиқасида наманганлик "лочин"лар жамоаси аъзоси Жамшид Болтабоев ҳисобни очган бўлса, Ислом Кенжабоев 14-дақиқада ҳисобни тенглаштирди - 1:1. Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида Жасурбек Яхшибоев мезбонлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, "Навбаҳор"нинг 1:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.  

Пойтахтимизда ўтган "Бунёдкор" ҳамда "Сўғдиёна" клублари баҳси кутилмаган натижа билан якунланди. "Сўғдиёна" сафарда ўйин ўтказишига қарамасдан учрашувни ҳужумкор ўтказди ва 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйинда ғалаба келтирган голларга Жавоҳир Қаҳрамонов ва Зенан Займович муаллифлик қилди.  

Шу тариқа Ўзбекистон Суперлигаси 14-тури якунланди. Қайд этилган натижалардан сўнг "Навбаҳор" 32 очко тўплаб жадвал карвонбошисига айланган бўлса, "Пахтакор" 31 очко билан иккинчи, "Нефтчи" эса 28 очко тўплаган ҳолда учинчи поғонадан жой олди.  

Шунингдек, тўпурарлар рўйхатида Драган Черан (Сербия) 10 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Рубин Хебай 9 та, Силванус Нимели ва Зенан Займович 7 тадан ҳамда Тома Табатадзе 6 та гол билан бормоқда.  

Маълумот учун, Суперлиганинг 15-тур ўйинлари 4-6 август кунлари ўтказилади.  

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА мухбири