Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навбаҳор” рақиб дарвозасига бешта тўп йўллади
15:40 / 2023-09-29

Ўзбекистон Суперлигасида июль ойидан бери ғалаба нималигини билмай келаётган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида Яйпаннинг “Турон” клуби дарвозасига жавобсиз бешта гол уриб, мавсумдаги сермаҳсул ўйинини намойиш этди.

20-турдан ўрин олган баҳсда тўлақонли устунликка эришган “Лочинлар” илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олишди. Ҳисоб 23-дақиқада стандарт вазиятдан сўнг очилди. Жасурбек Яхшибоев, Остон Ўрунов ва Темурхўжа Абдухолиқов тўп оширишлари натижасида сербиялик легионер Филип Иванович дарвозани ишғол этди. Ҳужум суръатини оширган мезбонлар ҳакам томонидан тўхталишлар учун қўшиб берилган лаҳзаларда Остон Ўруновдан тўпни қабул қилиб олган Жасурбек Яхшибоев аниқ зарбаси эвазига ҳисобни оширди. 

Иккинчи бўлим бошланиши билан майдон эгалари Осиё Чемпионлар лигасининг навбатдаги учрашуви олдидан ҳам мухлисларга, ҳам ўзлари учун юқори кайфиятни юзага келтира олишди. Фарғона вилояти вакиллари “Навбаҳор” ҳужумларини бартараф этиш чоғида ўз жарима майдони ичида икки бор, аввал, Жасурбек Яхшибоев, сўнг Игорь Голбанга нисбатан ўйин қоидасини бузишди. Учрашув ҳаками Тўрабек Суюнов ушбу вазиятларни баҳолашда видео-такрор тизими – “VAR”га юзланишига тўғри келди. Меҳмонлар дарвозасига икки бор 11 метрли жарима тўпи белгиланди. Пенальтиларнинг ҳар иккисини Остон Ўрунов бехато бажарди. 

Ўйин якунланиб бораётганда захирадан майдонга туширилган Асадбек Собиржонов “Турон” дарвозаси сари кучли зарба йўллаб, ҳисобни йирик – 5:0 кўринишга келтирди. Ажойиб ғалабадан кейин, очколар сонини 37 тага етказган “Навбаҳор” турнир жадвалида яна 2-ўринга кўтарилиб олди. Самвел Бабаян шогирдлари суперлиганинг навбатдаги 21-турини 8 октябрь куни меҳмонда “Бухоро” клубига қарши ўтказади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА