Футбол бўйича мамлакат миллий чемпионатининг суперлигаси 11-тур доирасида “Навбаҳор” ва “Қўқон-1912” жамоалари ўзаро беллашди. Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтган ушбу учрашувда ижобий натижага эришиш ҳар икки клуб учун ҳам муҳим эди.
“Лочинлар” қаторасига икки ғалабадан сўнг юқори кайфиятда майдонга тушиб, турнир жадвалида юқорига кўтарилишига имкон юзага келганди. Қаторасига икки бор енгилган, аммо, етакчи жамоаларга муносиб қаршилик кўрсатган қўқонликлар эса кучли рақиб майдонида қандайдир “мўъжиза” қилишлари талаб этиларди. Катта устунлик билан ўйинга киришган мезбонлар меҳмонлар дарвозаси олида кетма-кет хавфли вазиятларни вужудга келтирди.

21-дақиқада Русланбек Жияновнинг бурчакдан узатмасини Игорь Габриэл боши билан маромига етказиб, ҳисобни очди. Икки дақиқа ичида яна тезкор гол урилди. Кейинги пайтларда чиройли ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонаётган Алишер Одилов қанотдан меҳмонлар жарима майдончаси ичида ёнида ҳозир бўлган Аббосжон Ғуломовга тўпни узатди ва у бу имкониятдан тўлиқ фойдаланди.
Иккинчи бўлимни ҳам ҳужумкор суръатда бошлаган “Навбаҳор” футболчилари қўқонликларни яна ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур қилишди. 47-дақиқада майдон эгаларининг ҳужумини қайтариш чоғида “Қўқон-1912” ҳимоячиси Шаҳзод Акрамов ўз жарима майдончаси ичида “Лочинлар” вакили Забиҳилло Ўринбоевга нисбатан қўполлик ишлатди. Бош ҳакам Темур Тўхтасинов белгилаган жарима тўпни Русланбек Жиянов дарвозага аниқ йўллади ва ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Иккинчи бўлимда фарғоналик футболчилар ҳисобни қисқартириш учун олдинга интилдилар. 68-дақиқада қарши ҳужумни бартараф этиш чоғида “Лочинлар” ўз жарима майдонида ўйин қоидасини бузишгани сабабли бош ҳакам 11-метрли жарима зарбасини “Навбаҳор” дарвозаси томон кўрсатди. Қўқонликлар вакили Жасур Холтўраев дарвоза устунини аниқ нишонга олди. Бу ғалабадан сўнг “Навбаҳор” 20 очко билан мусобақа жадвалининг тўртинчи поғонасини мустаҳкамлаб олди.

– Бугунги баҳсда ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Йигитларга раҳмат, ажойиб ғалабага эришиб, мухлисларга қувонч улашди. Ўйиннинг биринчи бўлим кўпроқ қизиқарлироқ ўтди. Иккинчи бўлимда эса бироз хотиржамликка берилдик. Рақибнинг ўйинини қанчалик ўргансанг ҳам, учрашувларда ўйлаган режанг амалга ошмай қолади. “Қўқон-1912” ноқулай ва вертикаль футбол ўйнайдиган жамоа. Биринчи бўлимда йигитлар бир нечта вазиятлар яратишди, аммо, уларнинг барчасидан фойдалана олишмади. Шунга қарамай ғалаба қозондик, – деди матбуот анжуманида “Навбаҳор” бош мураббийи.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг “ЖЧ-2026” саралаш баҳсларидаги иштироки муносабати билан Суперлигада қисқа танаффус эълон қилинди. Навбатдаги турда “Навбаҳор” жамоаси Қаршида “Насаф” билан баҳслашади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА