Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навбаҳор” мавсумга тайёргарлик кўрмоқда
15:42 / 2026-01-28

Айни кунларда мамлакатимиз футбол клублари янги мавсумга муносиб ҳозирлик кўриш мақсадида чет эл давлатларида халқаро йиғинларни олиб бормоқда. Жумладан, Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси Туркияда ўқув йиғин машғулотларини ўтказмоқда.

Мазкур йиғин давомида хорижнинг бир қатор клублари билан халқаро ўртоқлик ўйинлари ташкил этилмоқда. Уларда асосий эътибор натижага эмас, балки клубга жалб этилган ва синовда бўлиб турган янги футболчиларни маҳоратини сайқаллаштиришга қаратилган. 

“Лочинлар” дастлабки учрашувда Сербия лигаси иштирокчиси – Крушеваснинг “Нампредак” жамоасига қарши майдонга тушиб, 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Вакилларимиз кейинги ўртоқлик баҳсида Косованинг етакчи совриндор жамоаларидан бири “Малишева” жамоаси билан куч синашди. Русланбек Жиянов ва Анри Чичинадзенинг голлари эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олган наманганлик футболчилар ўйин якунида 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. 

Темур Кападзе шогирдлари навбатдаги учрашувда Шимолий Македониянинг “Пелистер” жамоасига қарши тўп суради. Февраль ойининг биринчи ярмига қадар давом этадиган Туркия йиғини мобайнида “Навбаҳор” жамоасининг халқаро ўртоқлик ўйинларида Россиянинг “Рубин”, “Балтика”, Қозоғистоннинг “Актобе” ва Грузиянинг “Динамо” жамоалари рақиблик қилади. 

Хорижий йиғиндан олдин ва тайёргарлик давомида “Лочинлар” сафига Сербиянинг “Раднички” клубидан Ваня Илич, Россиянинг “Оренбург” клубидан Анри Чичинадзе, Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасидан Валижон Раҳимов жалб этилди. Улар клуб раҳбарияти билан шартнома имзолади. 

Ўтган мавсумда “Лочинлар” шарафини ҳимоя қилган Азимжон Аҳмедов, Комилжон Тожидинов, Асадбек Жўрабоев каби ўйинчилар жамоани тарк этди. Маълумот ўрнида, ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида давом этаётган халқаро йиғинида “Навбаҳор”нинг тўрт нафар вакили – дарвозабон Ўткир Юсупов, ҳимоячи Дилшод Комилов, ярим ҳимоячилар Қувондиқ Рўзиев ва Аббос Ғуломов ҳам иштирок этмоқда. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.