2024 йил мамлакат миллий чемпионати суперлигаси старти олдидан Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида “Навбаҳор” футбол жамоасининг тақдимоти ўтказилди.
Икки мингга яқин миллионлар ўйини ихлосмандлари гувоҳлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда клубнинг янги мавсум режалари, жамоа таркиби ва мураббийлар штаби аъзолари таништирилди.
“Навбаҳор” янги мавсумга муносиб тайёргарлик кўрди. Наманганликлар даставвал ўзимизда, кейинчалик Туркия давлатида халқаро ўқув йиғинини ўтказди. Қозоғистон, Россия, Жанубий Африка Республикаси, Бразилия, Эрон мамлакатлари жамоаларига қарши кечган назорат баҳсларида бир қатор футболчилар синовдан ўтди.
2021 йил мавсум якунидан буён жамоага бош мураббийлик қилиб келаётган Самвел Бабаян таркибнинг ўзагини сақлаб қолган ҳолда, жамоа стратегиясига мос тушадиган номзодларга эътибор қаратди. Натижада клуб раҳбарияти эронлик Сиёвуш Ҳақназари (“АГМК”), грузиялик Гиорги Никабадзе (“Нефтчи”), Александр Лобанов (“Металлург”), Русланбек Жиянов (“Нижний Новгород”, Россия), Нурмуҳаммад Тошпўлатов (“Локомотив”, Тошкент), Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Фарруҳ Сайфиев ва Одилжон Ҳамробеков (“Пахтакор”) каби иқтидорли чарм тўп усталари билан шартнома тузди.
Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов “Навбаҳор”нинг ўтган йилги салмоқли натижалари, айниқса, Осиё Чемпионлар лигасидаги муваффақиятли иштирокини эътироф этиб, янги мавсумда чемпион бўлиш вақти келганлигини таъкидлади.
[gallery-15932]
Тадбирда ўтган мавсумда бронза медалини қўлга киритган жамоа футболчилари, мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига медаллар тантанали топширилди. Шундан сўнг, “Лочинлар”нинг янги мавсум таркиби таништирилиб, ўйинчиларга рақамлари ёзилган кийимлар улашилди. 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан “Футбол фидойиси” номинациясида эътироф этилган вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқовга “Навбаҳор”нинг 50-рақами ёзилган махсус футболкаси тақдим этилди.
Қайд этиш лозимки, жорий йилда “Навбаҳор” футболчилари “7Saber” миллий бренди остидаги либосларда майдонга тушади. Титул ҳомийси сифатида эса “E-Auksion” электрон савдо платформаси белгиланган.
Маросим якунида “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян ва жамоа сардори Азимжон Аҳмедов сўзга чиқиб, янги мавсумда мухлисларга манзур келадиган мазмунли ўйинлар кўрсатиш ҳамда чемпионлик унвонини қўлга киритишга астойдил интилишини таъкидлади.
Маълумот ўрнида: “Навбаҳор” жамоаси шу йилнинг 15 февраль куни ўз майдонида Осиё Чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичи доирасида Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клубини қабул қилади. Суперлига стартида эса севимли жамоамиз 1 март куни Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионда Самарқанднинг “Динамо” клубига қарши куч синашади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари