Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навбаҳор” кучли олтиликда
08:04 / 2025-05-13

Ўзбекистон миллий чемпионатида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси суперлиганинг 9-турида Урганчнинг “Хоразм” жамоасини қабул қилди. Ўтган турда сафарда Навоийнинг “Қизилқум” клубига қарши ўйинда мағлубиятдан кейин мухлислар навбатдаги баҳсда “Навбаҳор”дан ижобий натижани кутишди.

Аммо, урганчликлар жорий мавсумда етакчи жамоаларга муносиб қаршилик кўрсатишаётгани, қолаверса, ҳар икки жамоанинг ўзаро баҳсларида ҳозирга қадар “Хоразм” клуби бирор марта ҳам очко ололмасдан келаётгани Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионга келган футбол ишқибозларида қизиқишни янада оширди.

Ўйин мезбонларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Хусусан, Гильерме Гедеш, Аббос Ғуломов, Шоҳмалик Комиловнинг ҳаракатлари меҳмонларга анча ташвиш уйғотди. Эътиборлиси, дастлабки йигирма дақиқа ичида воҳаликлар “Лочинлар” дарвозасига яқинлашишга имкон топишолмади. Майдон эгаларининг бироз хотиржамлиги кейинчалик урганчлик футболчиларни секин-аста ўйин тизгинини қўлга олишига имкон берди. Бироқ уюштирилган хавфли вазиятлар “Навбаҳор” ҳимоячилари ва дарвозабон Умиджон Эргашев томонидан бартараф этилди.

Беллашувнинг иккинчи бўлими ҳам муносиб қаршилик ва шиддатли ҳужумлар остида ўтди. Шунга қарамай ўйин тақдирини биргина гол ҳал этди. Учрашувнинг 50-дақиқасида “Лочинлар” ҳужумини қайтариш чоғида “Хоразм” дарвозабони Сардор Қобулжонов Русланбек Жияновга нисбатан қўполлик ишлатди. Белгиланган 11 метрли жарима зарбасини “Навбаҳор”нинг тажрибали ҳужумчиси Забиҳилло Ўринбоев бехато амалга оширди. 

Учрашувда ҳар икки жамоа учун ғалабани мустаҳкамлаш ёки ҳеч бўлмаганда дуранг натижага эришишда қулай имкониятлар юзага келди. Айниқса, мезбонлар ҳисобни йириклаштириш борасидаги хавфли ҳолатларни йўққа чиқардилар.

Шу тариқа, “Хоразм” устидан муҳим зафардан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси очколар сонини 14 тага етказиб, турнир жадвалининг олтинчи поғонасига кўтарилди.

– Учрашув қийин ва асабий руҳда кечди. Аммо якун биз учун ижобий бўлди. Рақиб бизга қандайдир жумбоқ бўлди, дея олмайман. Муаммо доимгидек вазиятлардан фойдалана олмасликда, – дейди ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида  “Навбаҳор” бош мураббийи Сергей Лушан. – Биринчи бўлимда иккита, иккинчи бўлимда учта яхши вазият юзага келди. Уларни эса голга айлантиришда омад келмади. Ўйин натижаси адолатли бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, Сергей Лушан шогирдлари суперлиганинг навбатдаги турини Тошкентда 18 май куни “Бунёдкор” клубига қарши ўтказади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА