Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Навбаҳор" кейинги босқич учун муҳим қадам ташлади
10:35 / 2023-11-07

Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этаётган Ўзбекистон клублари 4-тур ўйинларини ўтказди.

Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси зафарли одимини давом эттириб, сафарда Эроннинг "Нассажи Мазандаран" клуби устидан 1:3 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.

Теҳрондаги муҳташам "Озоди" стадионида бўлиб ўтган ушбу  учрашувни ҳужумкор руҳда бошлаган "Лочинлар" 7-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муаяссар бўлди.

Мезбонлар жарима майдончаси яқинида бошланган хавфли вазият туфайли моҳир ҳужумчимиз Темурхўжа Абдухолиқов тўпни боши билан Игорь Голбанга етказди. Тажрибали ҳимоячи эса рақиб дарвозаси сари кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди.

Голдан руҳланган Самвел Бабаян шогирдлари ўйин суръатини янада оширди. Баҳс асосан мезбонлар дарвозаси олдида кечди. Учрашув бош ҳаками Араки Юсуке бир вазиятда меҳмонлар "ҳамласи"ни қайтариш чоғида қўлига тўп теккан эронлик футболчининг хатти-ҳаракатларини эътиборга олмай, пенальти белгиламади.

21-дақиқада вакилларимиз иккинчи голни уришди. Жисмонан кучли чарм тўп устаси Иброҳим Йўлдошевнинг ажойиб узатмасидан сўнг, "Навбаҳор"нинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов икки нафар рақиб ҳимоячисини ортда қолдирган ҳолда, "Нассажи Мазандаран" жарима майдончаси ичига катта тезликда ёриб кириб, эронликлар посбонини доғда қолдирди.

Танаффусда мураббийлар штабидан тўғри кўрсатмаларни олиб чиққан наманганлик футболчилар иккинчи таймни ҳам биринчи бўлимдаги каби шиддат билан бошлашди. Бунинг натижасида тезкор гол киритилиб, ҳисоб йирик кўринишга келди.  

Миллий терма жамоамиз ва "Навбаҳор" сафида "Европача шиддат" кўрсатаётган Жамшид Искандеров рақиб футболчиси билан курашда енгиб, тўпни жарима майдончаси ичида ҳозиру нозир бўлган Остон Ўруновга етказиб берди. Остон эса голга чанқоқлигини исботлаб, ажойиб услубда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, “дубль” қайд этди.

Ўз мухлислари қаршисида меҳмон жамоага катта ҳисобда енгилиш мазандаранликларни қониқтирмаслиги аниқ эди. Айни шу сабабдан ҳам Меҳди Раҳмати шогирдлари вазиятни ўнглашга интилди. Мезбонларнинг бундай уринишлари 68-дақиқага келиб, ўз натижасини берди. Эронлик тажрибали "форвард" Муҳаммадризо шеригининг жарима майдончаси ичига ҳаволатиб узатилган "паси"дан кейин тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни қисқартирди.

Шу тариқа, меҳмонда мухлисларига хурсандчилик улашган "Навбаҳор" ОЧЛ гуруҳ босқичида сафардаги илк ғалабасини нишонлади. Қолаверса, Наманган жамоаси мазкур нуфузли мусобақада ҳозиргача ўтказилган тўртта ўйинда мағлубиятга учрамаган Ўзбекистоннинг ягона клуби бўлиб турибди. Асосийси, "Навбаҳор" жамоаси чиройли ғалабадан сўнг, очколарини 10 тага етказиб, кейинги босқичга чиқиш учун муҳим қадам ташлади.

Дарвоқе, ушбу гуруҳнинг иккинчи жуфтлигида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби Ҳиндистонда “Мумбай Сити” жамоасини 2:0 ҳисобида енгиб, 10 очко билан гуруҳ жадвалини тўплар нисбатига кўра, бошқариб турибди.

– Тахмин қилганимиздек, ўйин қийин кечди. Шундай бўлса-да, ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. Ушбу муваффақият билан аввало мухлисларни табриклайман. Яхши ва сифатли ўйин учун йигитларга раҳмат айтаман. Эронда эришилган ғалаба бизга кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият яратди, – дейди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "Навбаҳор" жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган "Навбаҳор" – "Ал-Ҳилол" учрашуви эса кўп нарсаларга ойдинлик киритиб беради.

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА мухбири