Дубай шаҳрида ўтказилаётган БМТ иқлим ўзгариши конференциясида Литва Президенти Гитанас Науседа ҳам иштирок этмоқда. Давлат раҳбари қайд этишича, мамлакатда иқлим ўзгаришини юмшатишга ҳисса қўшиши мумкин бўлган асосий иш энергетика секторини ўзгартиришдир.
– Бизнинг йўлимиз, энг катта имкониятимиз, албатта, энергетика соҳасида янги қадамлар ташлаш, айни йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, – деди Науседа. – Бугунги кунда энергетикада муаммолар бисёр. Тўғри, кўпроқ ишлаб чиқариш керак, лекин буни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Истагимиз – 2030 йилга бориб, асосан, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарадиган, ўзини-ўзи таъминлайдиган давлатга айланиш.
Литва етакчиси саммитда турли хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида бор имкониятни ишга солиш зарурлигини ҳам айтди.
– 1990 йилдан буён ялпи ички маҳсулотимиз 85 фоиз ўсди, – маълум қилди Науседа. – Ҳаво ифлосланиши ва чиқинди 58 фоиз камайди. Бошқача айтганда, ишлаб чиқарилган ялпи ички маҳсулотнинг ҳар бирлиги учун эмиссияни сезиларли даражада камайтирамиз.
Таъкидланишича, 2030 йилга бориб иссиқхона гази чиқиндисини 70 фоиз қисқартиришга эришиш ва 2050 йилга келиб иқлим нейтраллигига эришиш Литванинг умумий мақсади саналади.
Президент нутқи якунида жаҳон ҳамжамиятини “экоцид”ни тўхтатиш, атроф-муҳитга етказилаётган зарар оқибатини юмшатишга чақирган.
Б.Худойбердиев, ЎзА