НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия – Украина уруши масаласида ўтказилган мулоқот гуруҳи йиғилишида Европа давлатларини Киев учун АҚШ қуролини сотиб олишга чақирди.
Аввалроқ Рютте Вашингтонни бунинг учун “пул топилиши”га ишонтирганди.
– Учрашувда қатнашган мудофаа вазирларига мурожаат қиларкан, Бош котиб ўтган ҳафта Президент Дональд Трамп билан бирга Европа ва Канададаги иттифоқчилар сармояси орқали Украинани қўллаб-қувватлаш кучайтирилиши бўйича эълон қилинган ташаббусни маъқуллади, – дейилган Альянс виртуал учрашуви якуни бўйича эълон қилинган баёнотда.
Аввалроқ ўзидан олдинги етакчи Жо Байденни Украинага кўп миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун бир неча бор танқид қилган Трамп энди Киевга НАТО иттифоқчилари орқали қурол етказиб беришнинг янгича йўлини илгари суряпти. Унинг фикрича, Қўшма Штатлар Европа мамлакатларига миллиардлаб долларлик йирик қурол-яроқ тўплами, жумладан ракета, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва ўқ-дори сотади. Иттифоқчилар эса шу аслаҳаларни Украинага ўтказади ва америкалик ишлаб чиқарувчилардан янги харид ҳисобига ўз захирасини қайта тўлдиради.
Таъкидланишича, бундай кўмак усули тўлиқ келишилган ва яқин келажакда НАТО мамлакатлари маблағи ёрдамида амалга оширилади.
С.Раҳимов, ЎзА