НАТО агар толиблар Афғонистонни босиб олса уларнинг ҳукуматини тан олмайди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг агар толиблар Афғонистонни куч билан эгаллаб олса халқаро ҳамжамият уларнинг ҳукуматини тан олмайди, деб баёнот берди.
"НАТО иттифоқчилари толибларнинг ҳужуми туфайли зўровонликлар ортгани, тинч аҳолига ҳужумлар, уларни ўлдириш ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бошқа жиноятлар кучайганидан чуқур хавотирда. Толиблар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олган тақдирда уларни ҳеч ким тан олмаслигини тушуниб олиши керак", - дейилади бош котибнинг Шимолий Атлантика кенгашининг доимий вакиллар даражасида бўлиб ўтган мажлиси якунлари бўйича берган баёнотида.
У шунингдек, НАТО "Афғонистондаги можароларни сиёсий йўл билан ҳал қилиш” йўлини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган.
НАТО Афғонистонда дипломатик миссиясини сақлаб қолади ва вазиятни кузатиб боради, дейилади альянс бош котиби Йенс Столтенберг берган баёнотда.