Юртимизни шимолидан жануби томонга қараб бир сафарга чиқсангиз, катта йўл бўйлаб иккита ҳудудда «Сангзор» деган жой номларига кўзингиз тушади. Хуллас, сангзор деган ном билан аталган тоғ даррасидаги жой, дарё, қишлоқ, кўча номлари бор.
Биласиз, «сангзор» сўзи форс-тожикчадан таржима қилинганда «тошзор» деган маънони англатади. Ўзбек адабий тилида эса "тошзор" эмас, "тошлоқ" атамасини ишлатиш тўғри бўлади.
Халқимиз жой номини «тошлоқ», «тошдара» деб атамасдан гўзал қилиб «сангзор» деб аташади. Тошлоқ дегандан кўра, сангзор сўзи чиройли айтилади ва эшитилади...
Шу маънода юқоридаги жумлаларни бир ўхшатиш сифатида олиб, бугун суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган том маънодаги прогрессив, катта ислоҳотлар – «гулзор» қарорида, коммунистик мафкурага дахлдор, бир партияли эски тузумга хос бўлган суд раисларининг жойлардаги Халқ депутатлари кенгашларига ахборот бериш ва судьяларга нисбатан ўтказиладиган хизмат текшируви институти – «тошлоқни» «сангзор» демасдан ўз номи билан атаб, ушбу икки амалиётни суд ва судьялар дахлсизлиги сари тортиб, ундан воз кечсак, бирор нарса ўзгариб қоладими? Албатта, бу киноя.
Таҳлилга кўра, маҳаллий кенгаш депутатларининг суд раислари ахборотини эшитиши нафи нолга тенг ёки бундай ахборотни эшитилишидан фойда йўқ бўлса, хизмат текшируви институти судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигига зарар етказиб келаётган институтдир.
Бу институтлар:
А) Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас;
Б) Нафсиз, натижасиз;
В) Юзаки, расмиятчилик учун;
Г) Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий негизига мос келмайди;
Д) Коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради;
Е) Эшитувлар суд мустақиллигига дахл қилмоқда;
Ё) Судьяларга нисбатан хизмат текшируви, бу жараён қотиб қолган тошлоқ, лекин биз уни барча замонга мослаб «сангзор» деб атайверамиз:
...Я) Бунда эшитувлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ.
ЖАВОБ ИЗЛАСАК...
Энди ҳар бир сўзга эмас, ҳар бир бандга жавоб излаймиз, чунки ҳар бир сўзга жавоб изласак, юк оғирлашиб кетади...
А) Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқми?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Конституциясининг 106-моддасига кўра, Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. 107-моддада эса, «Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон конституциявий суди, Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир», дейилган.
Демак, сизда «Нега Парламент (олий вакиллик органи)га Олий суд ҳисобдор, Маҳаллий вакиллик органига жойлардаги судлар ахборот бермаслиги керак?», деган саволлар бўлиши табиий.
Лекин қуйидагиларга ҳам эътибор қаратиш керак:
Суд ҳокимиятининг олий идораси – Олий суд, суд тизими – суд ҳокимияти номидан Парламент (олий вакиллик органи)га ҳисоб берар экан, Парламент фаолиятини тартибга солувчи конституциявий қонунлар (Конституциявий қонунлар, бармоқ билан санарли эканини барчамиз биламиз, шунинг учун ҳам уларнинг юридик кучи оддий қонунларникидан кўпда)да Парламент, депутатлар сўровлари, эшитув саволлари судларнинг муайян ишларига қаратилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган;
* Содда қилиб айтганда, Парламент депутатлари профессионал қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланади, бошқа жойда ишламайди, тадбиркорлик қилмайди. Улар судларнинг умумий фаолиятини яхшилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда судлар ўрни ва ролини оширишга хизмат қилувчи норма ижодкорлигини қилади, қонунлар яратади, шу мақсадда Парламентнинг умумий назоратини ҳам ўрнатади.
* Маҳаллий вакиллик органлари аъзолари эса, бошқа фаолият билан шуғулланади... тадбиркорлик қилади...
* Қолаверса, маҳаллий вакиллик органи бошлиғи ҳам ҳозирча ҳокимдир. Шунинг учун ҳам жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбари бошчилик қилаётган вакиллик органига судларнинг ахборот бериши, Конституциядаги қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти – ҳокимият бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши, дейиладиган, Шарл Луи де Секонда, барон де Ла-Бред и де Монтеске ғоялари асосида умумеътироф этилган тамойилларга шикаст етказиши мумкин.
Б) Нега самара ва натижасиз?
ЖАВОБ: Маълумотларга кўра, 2019-2022 йилларда суд раисларининг 3 000 дан ортиқ ахбороти эшитилган.
Энди очиқчасига айтинг-чи, мазкур эшитувлардан сиз бирор самарани сездингизми?
Бу савол айнан маҳаллий вакиллик органи аъзоларига берилмоқда. Ҳа, дея олмайсиз. Бунинг самараси бор деб ўйламаймиз. Баъзилар бу борада Парламент эшитувининг ҳам самарасини сезганимиз йўқ-ку, дейишаётгандир балки, лекин унчаликмас, Парламент эшитувининг самараси бор албатта. Буни қабул қилинаётган қонунларда кўриш мумкин.
Натижа бермаётганини, самарасизлигининг сабабларидан асосийси эса, аввало эшитувнинг якуни, натижаси ҳақида қандай чора-тадбир белгиланиши, нима ҳужжат қабул қилинишини қонунда белгиланмаганидадир. Бу норма белгиланса мабодо... Лекин белгилаб бўлмайди, сабаби унда бу ахборот эшитиш эмас, ҳисобот сўраш бўлиб қолади ва бу ўз-ўзидан мақсадга мувофиқ эмас...
Бироз ҳазил бўлса-да, шунинг учун ҳам мен «ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, қолаверса, суд ҳокимиятининг очиқлиги масаласида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилди», деб айнан «халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиёти»ни ҳеч бир мушоҳада қилмай гапираётган нотиқларни эшитсам, телевизорни бошқа каналга оламан. Тўғрида, уларнинг гапи ҳам балки тўғридир...
В) Нега юзаки, расмиятчилик учун?
ЖАВОБ: «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 34-, 38-моддаларида суд раиси – суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади, деб белгилаб қўйилган.
Энди шу нормаларни ҳар ҳудудда ҳар хил тушуниш асосида татбиқ этаётган маҳаллий вакиллик органлари ҳоким бошчилигида, ҳар чоракда режа-дастур қилиб, суд раисини эшитади. Берадиган саволларнинг эса, 90 фоизи судларнинг муайян ишларига боғлиқ. Бундай саволларга суд раҳбарлари ҳам «Тўғри, ўринли савол, бу масалада сизга алоҳида маълумот тақдим этамиз», дейишдан бошқа иложи йўқ.
Чунки кўпчилик ХДК аъзоларига нима фарқи бор, ахборотми, ҳисоботми, ҳаммаси ҳам бир, барибир ўзи хоҳлаган саволни беради. Саволлар судларнинг муайян ишларига оид бўлмасин, йилига камида бир марта, «ҳар чорак» ва юқори палатага ҳисобот бериш учун хоҳлаган пайт судларни эшитиш мақсадга мувофиқ эмаслиги...
Эшитувларнинг юзаки, расмиятчилик учун эканини яна бир сабаби шуки, судлар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар (ҳар бир туман кесимида, иш ва низоларнинг таркиби, статистикаси) Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Суд раислари ҳам эшитувларда аксарият ҳолатда шу маълумотларни беради-да ё уларнинг ахбороти бошқачами?
Кейинги сабаб эса, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 34- ва 38-моддаларида суд раислари – бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек, жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради, деб белгиланган. Демак, аҳоли ҳар ой оладиган ахборотни ХДК аъзолари кейинроқ эшитув жараёнида олса, бу ерда мантиқ қаерда?
Г) Нега суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар умумий асосларга мос келмайди?
ЖАВОБ: Умуман олганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга одамларни ишонтириш аввало судларнинг чинакам мустақиллигига аҳолини ишонтириш билан бошланади. ХДК раислари ким? Ҳокимлар ким? Улар ижроия ИМ ҳокимиятининг жойлардаги раҳбарлари. Улар ҳам судларга мурожаат, даъво қиладиларми? Ҳа. Масалан, «снос» масаласида ва бошқа масалаларда. Бу мурожаатларни ким кўриб чиқади? Судьяларми? Суд раиси ҳам судьями? Ҳа. Мана бу – сизнинг маҳаллий вакилли корганларини Парламент депутатлари, улар фаолиятига солиштирганингизга жавоб – Парламент аъзолари судга даъво ариза кирита олмайдилар. Шунинг учун уларнинг бевосита судлар фаолиятига аралашуви йўқ...
ХДК аъзолари – маҳаллий депутатлар ким? Улар бир пайтнинг ўзида тадбиркор, корхона-ташкилот раҳбарлари, шифокор, мураббий, қурувчи ва ҳоказолар. Улар судларга даъво аризалар, аризалар бера оладиларми? Ҳа.
Улар берган даъво аризаларни ким кўради? Судьялар.
Суд раислари ҳам судьяларми? Ҳа.
Бу қайси қонунда ёзилган?
«Судлартўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Қонунида. Яшанг! Мана, гап қаерда...
Д) Нега коррупция ҳолатлари келиб чиқади?
ЖАВОБ: Мисол учун, сиз маҳаллий Кенгаш депутатисиз, сизнинг таниш-билишингиз, қариндошингиз ёки кўпинча сайловчингиз сизга мурожаат қилди: «Депутат ака (опа), сайловларда кўп ваъда бердингиз, ҳар бир мурожаатларингизга имкон қадар ёрдам бераман дедингиз, мана, менинг ишим, (ўғлимни, қизимни... ва ҳ.к.) иши судда, бир ёрдам қилинг».
Сиз нима қиласиз, судьянинг қабулига муайян иш билан бора олмайсиз, мумкин эмас, энди ўша «эшитув»да ҳеч бўлмаганда шу масалани бир кўтариб кўрасиз-да.
«Аввало, узр сўрайман, ўзимни муаммом эмас, сайловчиларники... Ҳурматли суд раиси, шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз?»
Саволни қаранг, шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз? Раислар ҳам нима дейди. «А энди, бу муайян иш бўйича экан, мен ёзиб олдим, қонун асосида кўриб чиқилади, сизга қўшимча ахборот берилади»...
Табиийки, сиз бу жавобдан қониқмайсиз. Чунки сизнинг бу жавобингиздан сайловчи қониқмайди... Сиз эса, сайловчига амалий ёрдам беришни сўрайсиз, суд раиси қонундан чиқишни истамайди. Сиз, буни сайловчига тушунтира олмайсиз, ана шундан бошланади манфаатлар тўқнашуви деган енг чатоқ коррупцияген ҳолатлар.
Кейин суд раиси депутатлар олдида ахборот беришда сермулозамат бўла бошлайди, акси бўлса, депутатлар кераксиз савол беради, ахборотингиздан қониқмадик, дейди ва бошқа нозик, сезилар-сезилмас амалиёт шакллана боради.
Бундай жараёнлар, расмиятчиликда яширинган бюрократия, ваколат ва мартабадан фойдаланиш, гуруҳбозлик, манфаатлар тўқнашуви деган салбий иборалардан фойдаланишимизга асос яратиб бораверади... Бу эса, аҳоли ишончига акс таъсир этади. Буниси эса ортиқча...
Е) Эшитувлар суд мустақиллиги ва даҳл қилмоқда?
ЖАВОБ: Маҳаллий Кенгашлар қарори таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жойлардан суд раислари эшитуви юзасидан қабул қилинаётган қарорларда судларга тўғридан-тўғри вазифа белгилаб бериш, юклама тайинлаш ва бу вазифалар ижроси юзасидан ахборот киритиш ва масъуллар белгилаш ҳолати кузатилмоқда.
Ваҳоланки, ХДК қарорларида судларга вазифа белгилаш нафақат қонунларга балки ҳатто ҳамма биладиган Конституцияга ҳам зиддир.
Я) Нега халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг суд раислари ахборотини эшитувларидан воз кечиш мақсадга мувофиқ?
Жавобни қисқача қилиб, юқоридаги бандларда кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилдим.
Ё) Судьяларга нисбатан хизмат текшируви, бу жараён қотиб қолган тошлоқ, лекин биз уни барча замонга мослаб «сангзор» деб атайверамиз:
Ҳеч эшитганмисиз, бир илғор хорижий давлатларда бир судья ёки судьялар гуруҳи – малака ҳайъатлари бошқа бир судьяга нисбатан хизмат текшируви тайинлаб ўтказишини?
Бу — риторик савол...
ТАКЛИФ...
Демак, жавоби аниқ ва тиниқ. Ушбу савол-жавоб кўп жойни банд этади. Шу боис ундан кўра, бир таклиф бериб қўя қолай:
Судьяларга нисбатан хизмат текшируви институтини ислоҳ этиб, агар судья фаолиятида моддий ва процессуал қонунларга зид иш қилса, қонун билан кўриб чиқиш, агар судья одоб кодексини бузса, одоб комиссиясида масала кўрилиши ҳар икки ҳолат ҳам судьялар ҳамжамияти томонидан амалга оширилиши керак.
Бу қоида айнан қонун билан тартибга солиниши шарт. «Низом» ва «Тартиб»лардан бутунлай воз кечган бу борада одил судлов учун хайрли бўлади.
Яна бир қўшимча мулоҳаза, мавлоно Румий ҳазратлари таъкидларидек: «Сўз (гап) кўпайиб боргани сайин, сўздан маъно чекинади, мақсад узоқлашиб боради».
Якундаги муддао эса, самарасиз ва жамиятга нафи нолга тенг, зиёни бисёр бўлиб, сезилар-сезилмас ортиб бораверадиган, натижа бермайдиган ортиқча тадбир, йиғилиш, судларни жиловлаш каби бир расмиятчилик бўлган бу эшитув ва хизмат текшируви институтларидан воз кечиш хайрлироқ!
Ҳа яна бир гап, «Сангзор» ва «Тошлоқ» сўзлари бир маънони англатса-да, бу сўзларни ишлатилишида мақсадга қараб маъно бутунлай ўзгариши мумкин.
Шундай экан, суд мустақиллиги ва дахлсизлиги, судларга ишонч ҳақида гап борар экан, бу жараёнда икки хил ёндашувдаги қарашлар билан иш битмайди ё судлар ҳисобдорлиги ёки судларнинг том маънодаги мустақиллиги...
Зеро, судга ишонч бўлмас экан, ҳеч бир ислоҳот биз кутган натижани бермайди.
Нуриддин МУРОДОВ,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси