Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Натижаларда акс этаётган ғалабалар ёғдуси
17:09 / 2022-09-26

2022 йилнинг 9 ойи ҳам тарихга айланмоқда. Хўш, шу муддатда мамлакатимиз спортчилари қанча халқаро мусобақаларда қатнашди-ю, медаллар салмоғи қандай кўринишда бўлди? Кўзда тутилган мақсадларга эришилдими?

Ўтаётган йил мамлакатимиз спортчилари учун сермаҳсул бўлди. Бу, қўлга киритилган натижаларда ўз аксини топган.

Ортда қолаётган 9 ой мобайнида мамлакатимизнинг 291 нафар спортчиси 68 та жаҳон чемпионати ва кубоги баҳсларида қатнашиб, 4 та олтин, 10 та кумуш, 17 та бронза медалларига сазовор бўлди. Осиё чемпионати ва кубогида 356 нафар спортчимиз қатнашди. Улар 67 та олтин, 94 та кумуш, 76 та бронзали бўлишди. Халқаро турнирларда совринли ўринлар учун кураш олиб борган 833 нафар ҳамюртларимиз эса 263 та олтин, 263 та кумуш ҳамда 226 та бронзага эга чиқишди.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатимизда 192 та Ўзбекистон чемпионати, 35 та кубок мусобақалари ва 18 та республика миқёсидаги турнирлар ташкил этилиб, уларда жами 21 851 нафар спортчилар қатнашишди.

Мутахассис тақдим этган рақамлар кўзни қувнатади. Ушбу мусобақалар ва уларда эришилган натижаларга Туркияда ўтган ”Ислом бирдамлиги” ўйинлари ҳамда Россиянинг Владивосток шаҳрида якунланган “Осиё болалари” ўйинларидаги муваффақиятлар қўшилса, Ўзбекистон спортчилари том маънода янгиланган ютуқлар жамланмасига мушарраф бўлганлигини англаш қийин эмас.

Жорий йил айнан Туркия ва Россияда ўтган “кичик олимпиада” тизимидаги ҳар икки мусобақада умум жамоада 2-ўринни эгаллаши Янги Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам юксалганлигини англатмоқда.

Туркиянинг Конья шаҳрида кечган мураккаб мусобақаларга бой “Ислом бирдамлиги” ўйинларида 56 та мамлакат вакиллари орасида иқтидорли спортчилари 51 та олтин, 42 та кумуш, 65 та бронза, жами 158 та медаллар билан 2-ўриндан жой олди.

Ушбу ўйинлар уч қитъа давлатлари ўртасида ўтганлигини, унда ўнлаб олимпия ўйинлари совриндорлари, жаҳон чемпионлари қатнашганлигини, вакилларимиз уларга муносиб рақобат кўрсатганлигини эътиборга олсак, мазкур ютуқ мустақил Ўзбекистон спорт жамоасининг комплекс спорт ўйинларидаги тарихий натижаси сифатида қайд этилишга арзийди.

Шунингдек, Владивостокда VII «Осиё болалари» ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган умидли ёшларимиз 20 тадан ошиқ жамоалар орасида 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медалларга эга чиққан ҳолда умум жамоада 2-ўринни эгаллади.

Мамлакатимизнинг янгиланаётган спорт тизимидаги яна бир тарихий ғалабаси сўзсиз шахматчиларимизнинг Ҳиндистонда уюштирилган 44-шахмат олимпиадаси ғолиби бўлиши жаҳон ҳамжамиятида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон ғояси, учинчи Ренессанс пойдевори нақадар ҳаётбахш эканлигини англатди. Дунё нигоҳини қуёшли диёримизга қаратди. Халқимизнинг салоҳияти, унинг интеллектуал куч-қудрати, ақл машъали асрлар оша ўз нури-зиёсини таратиб туришини кўрсатди.

– Албатта, бундай сермаҳсулликка эришиш ўз-ўзидан рўй бермади, – дейди Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов. – Бунда аввало, давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, терма жамоаларнинг тизимли машғулотлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиши, зарур маблағлар билан таъминланиши, замонавий шарт-шароитлар яратилганлиги беқиёс аҳамият касб этди. Қолаверса, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, тизимдаги федерация ва спорт мактабларининг ҳамжиҳатликда иш олиб бораётганлиги, мураббий ва мутахассисларнинг ўз иш услубига янгича тамойилларни жорий этаётганлиги омил бўлди. 2022 йилнинг қолган уч ойи мобайнида шижоатли спортчиларимизни кутиб турган халқаро майдондаги шиддатли чемпионатлар, бир қатор спорт турлари бўйича ўтадиган турнирлар ва ички чемпионатларда қўлга киритилажак медаллар салмоғини эътиборга олсак, ғолиблик довонининг йўллари нурли эканлиги кўнгилга ҳузур бағишлайди.

Жумладан, октябрь ойида дунё дзюдочилари иштирокида Тошкентда жаҳон чемпионати ўтиши, боксчиларимиз 30 октябрь – 13 ноябрь кунлари Иорданиянинг Амман шаҳрида Осиё чемпионатида қатнашиши, оғир атлетикачиларимиз октябрда Баҳрайнда қитъа, декабрда Колумбияда жаҳон чемпионатида Ватан шаънини ҳимоя қилиши, ноябрь ойида Ҳиндистонда миллий қадриятимизнинг ажралмас қисми бўлган кураш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатининг ўтказилиши, мамлакатимиз спорт зарварағи янада ёрқин ғалабалар ёғдусига бурканади деганидир.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири