Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Натижалар қувонтиради, аммо маҳаллийчилик ва диплом учун ўқиш – сифатга таъсир этувчи омилдир
13:03 / 2022-03-10

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги бир даврини босиб ўтди.

Хусусан, ушбу жараёнларда таълим тизими ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Сабаби ҳар қандай кўзланган стратегия ва эзгу мақсадларга эришишдаги энг муҳим ўлчов, бу – замонавий фикрлаш қобилиятига эга бўлган салоҳиятли кадрлардир.

Собиқ Иттифоқ давридаги марказлаштирилган бошқарув ҳамда иқтисодиётда бозор муносабатларини тўлиқ жорий этмаслик ва мулкчиликда давлат монополиясининг сақланиб қолиши таълим тизимида ҳам турғунлик даврининг ҳукм суришига олиб келди.

Бунга 1965-1970 йиллардан бошлаб, профессор-ўқитувчиликка ишга қабул қилишдаги маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик унсурларининг кириб келиши, олий таълим муассасасига ўқишга киришда таниш-билишчилик, ниманингдир эвазига (моддий ёки маънавий манфаатдорлик) ёрдам бериш ҳамда кўплаб олимларнинг ўз ватанларидан ривожланган мамлакатларга яхши шароитлар учун доимий яшашга кетиши каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Шу билан бирга, социалистик давлатларда рўй берган таълим тизими устидан қатъий давлат назорати ушбу тизимни мазкур мамлакатларни қамраб олган иқтисодий-сиёсий таназзул олдида ҳимоясиз қилиб қўйди. 

Натижада 90 йиллар бошида янги мустақил давлатлар таълим тизими учун молиявий муаммолар, мазмун-моҳияти ва сифати, ундан ҳамманинг фойдаланиши, талаб этилиши, моддий-техника базасига доир муаммолар муайян даражада салбий оқибатларга олиб келди.

Ўша даврда мамлакатлар ва ҳукуматлар олдида таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор кечиктириб бўлмас муаммоларни ҳал этиш масаласи турган эди. Булар: 

– кучли таълим тизимини издан чиқарган, биринчи навбатда, ўқитувчи кадрларнинг кетиб қолиши ва аввалги тизимнинг кучли жиҳатларининг йўқолишига сабаб бўлган омилларни аниқ белгилаш ва бартараф этиш;

– янги таълим тизимининг давр талабларига жавоб берадиган ва тушунарли мақсадли вазифаларини белгилаш, уни янги мақсад ва вазифаларга мувофиқ ташкилий ва услубий қайта тузиш;

– таълимнинг барча босқичларини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва глобал талабларга мувофиқ самарали ислоҳ қилишни таъминлайдиган янги бошқарув тизимини ташкил этиш.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу муаммоларни чуқур англаган ҳолда 1997 йили МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб таълимнинг барча тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилишни назарда тутувчи Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқди ва тасдиқлади. 

Ушбу дастур мамлакатнинг таълим тизимини тубдан қайта ташкил этиш, таълим тузилмаси ва мазмун-моҳиятини такомиллаштириш имконини берди. Ўз ўрнида бу жараённи қуйидаги тўрт босқичда амалга оширилган дейиш мумкин.

Биринчи босқич – 1991-1997 йиллар тайёргарлик босқичи бўлиб, бу даврда таълим тизимининг асосий муаммолари ва зиддиятлари, жамиятда иқтисодий ва сиёсий туб ўзгаришларга мос келмаслиги ўрганилди ҳамда аниқланди;

Иккинчи босқич – 1997-2001 йилларни ўз ичига қамраб олади. Бу давр кадрлар тайёрлаш бўйича янги миллий сиёсатни шакллантиришнинг дастлабки босқичидир;

Учинчи босқич – 2001-2005 йиллар бўлиб унда узлуксиз таълим тизимини кенг кўламли ислоҳ қилишнинг фаол босқичга чиқди.

Тўртинчи босқич – 2005 йилдан кейинги давр бўлиб, бу даврда узлуксиз ва изчил таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш даври сифатида эътироф этиш мумкин.

Аммо буюк алломалар ва икки бор уйғониш даврига тамал тоши қўйган мамлакатнинг бугунги таълим тизими ва унда эришилган натижаларни қувонарли ҳолат, деб бўлмайди. Сабаби, ўтган вақт давомида олий таълим муассасаларига қабул квоталари кескин камайтирилди, кечки ва сиртқи таълим батамом ёпилди, профессор-ўқитувчиларнинг пенсия ёшида ишлаши учун муносиб рағбат ва шароитлар таъминланмаганлиги сабаб бир қисми ишдан кетишига олиб келди. 

Шунингдек, 2000 йилдан бошлаб аспирантура ва докторантурада ўқийдиганлар сонида кескин камайиш ҳолатлари юзага келди. Жумладан, аспирантларнинг атиги 15,6 фоизи, докторантларнинг 8,6 фоизигина ўқишни муваффақиятли тамомлаган.

Шу билан бирга, олий таълимга тест тизимининг кириб келиши бу ҳолатни янада салбий томонга ўзгартирувчи омиллардан бири бўлди. Натижада, кириш имтиҳонларини оладиган нуфузли профессор-ўқитувчилар ўрнига қабул комиссияси ролини бир гуруҳ раҳбар ва техник ходимлар бажара бошлади. 

Юқори касбий билим ва маҳоратга эга профессор-ўқитувчиларни бошқариш ва ҳаттоки ишга олиш ҳам ана шу тоифадаги раҳбар-ходимларнинг ихтиёрига ўтиш ҳолатлар юзага келди. Олий таълим муассасаларига ўқишга, ишга киришда таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик янада авж олди. 

Юқорида олий таълим тизимида 2005 йилдан кейинги давр узлуксиз ва изчил таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш даври сифатида эътироф этилди. Аммо барча йўналиш ва соҳалар каби таълим тизимида ҳам 2016 йилдан бошлаб янги давр, янги шакл ва тамойил кириб келган. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таълим ва илм-фан соҳаларидаги салбий ҳолатларга давлат миқёсида ҳаққоний баҳо бериш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тан олиб, бартараф этишга киришилди. 

Буни ўтган беш йиллик вақт давомида эришилган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. 2017-2019 йилларда таълим соҳасида кескин ўзгаришлар юз берди, кечки ва сиртқи таълим тикланди, мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси қарийб 3 маротабага ошди. 

Таълим муассасаларининг ойлик маошлари оширилди, зиёли, ўқитувчига муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бир қатор хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари филиаллари ва институтлар очилди. ОТМларнинг моддий-техник базаси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотларини қуриш кўлами кенгайтирилди.

Яна бир энг муҳим ислоҳот ОТМларга қабул қилишнинг тест тизими тубдан такомиллаштирилиб, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, абитуриентлар учун 5 та фандан кириш имтиҳонларини топшириш имконияти яратилди. Умумтаълим мактабларининг 11-синфида ўқувчиларга фанларни танлаш ҳуқуқининг берилиши уларни ўзлари танлаган касбга тайёргарлик кўриш имкониятларини янада оширади. 

НАТИЖАЛАР...

Албатта эришилган натижалар кишини қувонтиради. Аммо, йиллар давомида соҳага тизимли ёндашувлар асосида янги қон олиб кирилмаганлиги сабаб ҳозирда бошланган ислоҳотларни жадал ривожлантириш устувор вазифа саналади. Бунда эса авваламбор, ички ва ташқи омил(хавф)лар тўсқинлигини алоҳида ўрганиб бартараф этиш даркор. 

Жумладан, ички омиллар сифатида ОТМлардаги профессор-ўқитувчиларнинг янгича ишлаш механизмларига кўника олмаётганлиги ёки касбий билим ва маҳоратлари, фидойилик ва ташаббускорликлари етишмаётганлигини, шунингдек талабаларнинг аксарияти фақат диплом учун ўқиши ҳамда ОТМда таълим ресурсларининг талаб даражада эмаслиги ва молиявий сиёсатни ривожлантириш бўйича стратегиянинг йўқлиги каби омилларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Ташқи омиллар сифатида эса, барча қатламларининг таълим тизимига аралашуви (ота-оналар, ҳуқуқ-тартибот тизимлар, назорат органлари, юқори лавозимдаги раҳбарлар ва ҳ.к.) ҳамда марказлашган бюрократик бошқарув ва назорат-текширувларидир. Шунингдек, таълим муассасаларимизнинг халқаро ҳамжамиятларга интеграллашув даражасининг ўта пастлиги.

Кейинги 3-4 йил мобайнида амалга оширилган чора-тадбирлар ишбилармонлик муҳитини сезиларли даражада кучайтирди. Бироқ, олий маълумотли кадрлар тайёрлаш орқали иқтисодиётнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш, барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришнинг муҳим шарти ҳисобланган қулай инвестицион муҳитни яратиш борасида ҳали жуда катта амалга ошириш керак бўлган масалалар мавжуд. 

Давлат раҳбарининг ташаббуси ва бевосита бошчилигида таълимнинг барча босқичларида ислоҳотлар узлуксиз таълим тизимига амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда. 

Жумладан, Давлат мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда нодавлат мактабгачи таълим муассасалари, вилоятларда Президент мактаблари, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари, шунингдек, Улуғбек, Хоразмий, Беруний, Темурбеклар иқтидорли болалар мактаблари ташкил этилди.

Шу билан бирга келгуси беш йилда 10 та ОТМларни халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингининг биринчи 1000 талигига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд Давлат университетларини кучли 500 талик ОТМлар рўйхатига киритиш вазифалари белгиланди.

Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, ОТМларга тўлалигича мустақилликни бериш тизимини янада жадаллаштириш, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат олий таълим муассасаларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларини мустақил ҳал этиш, илмий-тадқиқот фаолиятига маблағларни жалб этиш имкониятини кенгайтиришга янада устувор аҳамият қаратиш даркор.

Шунингдек, олий таълимдаги сифат ва самарадорликни ошириш учун ОТМдаги бўлим бошлиқлари, ўқув-ёрдамчи ходимлар ҳамда лаборантларнинг ҳам ижтимоий шарт-шароитини тубдан яхшилаш, уларнинг ойлик маошларини ошириш мақсадга мувофиқ. 

Қолаверса, ОТМ профессор-ўқитувчиларининг оддий саводлилик даражасини ва касбий билим ва маҳоратини классик усул, яъни суҳбат ва мулоқот орқали ўрганиш лозим. Профессор-ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш бўйича янги тизим ишлаб чиқиш зарур. 

Таълим сифати ва самарадорлиги саноат ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш жараёнидан кескин фарқ қилади. Агар яхши уруғ танланиб, ерга замонавий агротехник ишловлар берилса, шунингдек, қулай иқлим шароити келса, бир йилнинг ўзидаёқ юқори сифатли маҳсулот етиштириш мумкин. Таълимнинг самарадорлиги бир-икки йилда эмас, беш-ўн йилларда кўзга ташланади.

Шу боис таълим тизимида бошланган ислоҳотлар узлуксизлигини таъминлаш орқалигина мамлакатни юксалтиришга қаратилган вазифа ва мақсадларга эришини таъминловчи ҳамда учинчи Ренессансни амалга оширувчи баркамол авлодни етиштириш мумкин.

У.Бўтаев, М.Қодиров,

«Истиқбол» тадқиқот маркази экспертлари