Фарғона вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижасида тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида 4 минг 400 та янги бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 54 мингтадан ошди. Мазкур соҳа ривожи учун тижорат банкларининг 20 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари йўналтирилмоқда. Айни кунларда жойларда ташкил этилаётган фаол ва ташаббускор тадбиркорлар билан учрашувлар, мулоқотлар аҳолига, айниқса, ёшларга катта руҳ бераётгани эътиборга лойиқ.
Олтиариқ туманидаги маданият марказида кўп тармоқли "Хайрулло Баҳром Бойматов" фермер хўжалиги раҳбари, тадбиркор – деҳқон, "Содиқ хизматлари учун" ордени соҳиби Исоқжон Бойматов билан учрашув ҳам шундай бўлди. Унда туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тажрибали деҳқон ва тадбиркор Исоқжон Бойматов ўзининг деҳқончилик, айниқса, узумчилик соҳасидаги билим ва кўникмаларини отаси Абдужалил акадан ўргангани, оиладаги муҳитнинг таъсири катта бўлганини таъкидлади.
У дастлаб ўз томорқасида узумчилик сирларини чуқур ўрганиб, кейинчалик икки гектарлик боғ барпо этган. Етиштирилган ҳосилни сақлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда харидоргирлигини таъминлаш бўйича кўп изланган. АҚШда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича орттирилган тажрибаларни бориб ўрганди. Узумнинг сифатли навлари кўпайтирилди, экспорт салмоғи ортишига эришилди.

Президентимизнинг узумчиликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Олтиариқ туманида узумзор боғларни кўпайтириш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги ташаббуслари натижасида у раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигида 75 гектар янги узумзорлар ташкил қилинди. 1200 тонна сиғимга эга бўлган совиткичли омборлар қурилди. Фермер хўжалигида етиштирилган узумлар эндиликда кейинги йилнинг апрель ойига қадар ташқи бозорларга экспорт қилинадиган бўлди. Натижада қўшимча 75 та доимий ҳамда 150 га яқин мавсумий иш ўрни яратилди. Хўжалик ва ишчиларнинг моддий манфаатдорлиги ортди.
Яқинда давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур фермер хўжалигида бўлиб, Исоқжон Бойматов амалга ошираётган ишлар билан танишди ва узумчиликни ривожлантириш, Олтиариқ тажрибасини оммалаштириш борасида ўз таклифларини берди.
Бугунги кунда "Хайрулло Баҳром Бойматов" фермер хўжалигида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, паррандачилик ҳамда боғдорчилик йўналишларида етарли тажриба тўпланган.
Учрашувда тадбиркор томонидан тажрибалар ўртоқлашилди, узумчиликнинг истиқболлари ва келгуси режалар ҳақида сўз юритилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
–Натижага эришиш, аввало, инсондан ўз олдига мақсадни тўғри қўйишдан бошланади, сабр-тоқат ва ҳалол меҳнат албатта, ўз самарасини беради, – дейди И.Бойматов.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири