Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наталья Герман: Хотин-қизларни қўллаётган, гендер тенгликка интилаётган давлатларни БМТ доим қўллаб-қувватлайди
11:10 / 2021-06-16

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман Ўзбекистоннинг гендер тенглиги борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланаётганини эътироф этиб келади.

Ушбу йўналишда қонунларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги ва меҳнатга лаёқатли аҳоли умумий сонидаги улуши кўпайишига хизмат қилаётгани, бу эса, сиёсатчи ва раҳбар аёллар кўрсаткичи ҳамма соҳада ортиб бораётгани, мамлакат гендер тенгликка эришиш йўлидан изчил бораётганидан далолат.

Куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида “Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” мавзуидаги халқаро форумда иштирок этган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман ҳозирги кунда бутун дунё пандемия ва унинг оқибатлари билан курашишдек мураккаб даврни бошидан ўтказаётгани, бу хотин-қизларни ҳам четлаб ўтмаганини қайд этди.

– Глобал синовлар олдида инсоният ожиз бўлса-да, унга, айниқса аёлларга тинчлик ва барқарорлик зарур, – дейди Н.Герман. – Жамиятнинг таъсирчан ва тиргакка муҳтож қатлами бўлган хотин-қизларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳам гендер тенгликка эҳтиёж бор. Буни тушунган ҳолда хотин-қизларга зарур имкониятларни яратиб бераётган давлатларни БМТ, унинг раҳбарияти доим қўллаб-қувватлайди.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бу борада минтақавий ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган бугунги форум эса эътирофга муносиб. Чунки бундай халқаро даражадаги катта тадбирлар ҳамкорликни ривожлантиради, иқтисодий масалада янги имокониятлар очади. Зеро, ҳамкорликсиз ривожланишга эришиб бўлмайди.  

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан яқинда яна бир катта халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳам муҳим ва зарурий ташаббус. Шундай амалий ишлар, иқтисодий ҳамкорликлар орқали муаммоларни енгиб ўтамиз.

Айтиб ўтиш керакки, 2022 йилда БМТ доирасида яна йирик тадбирлар ўтказилади. Унда албатта аёллар мавзуси ҳам кун тартибига киритилади. Айнан Марказий Осиёда минтақасида аёллар потенциали анча юқори. Уни рўёбга чиқаришни БМТ доим қўллаб-қувватлайди.

Бир сўз билан айтганда, давлатнинг тўлақонли фаолият юритиши учун унда аёллар ҳам тенг ҳуқуқ асосида фаол иштирок этиши керак. Бунда эса минтақавий мулоқотлар, форумлар муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида ташкил этилган тадбирда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фикр ва илғор тажриба алмашиш, тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аёллари ўртасида ҳамкорлик ва ишбилармонлик шериклигини ўрнатиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Н.Абдураимова, ЎзА