Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наслли қўчқорлар кўргазмасида қувасойлик фермернинг 192 килограмлик “Адмирал”и ғолиб бўлди
20:09 / 2022-09-26

Томоша марказига ўрнатилган тарозига бир юз эллик килограмм тош босадиган гўштдор-думбали, бўйи бир метрдан баланд қўчқорлар олиб чиқилганида одамлар ҳар сафар ҳайқириб юборишади...

Покистондан келтирилиб, мамлакатимиз иқлим шароитга мослашган “шалпанг қулоқ” кайла думба зотли қўйларни кўпчилик ҳайрат билан томоша қилди. Янги яратилган “Фарғона-Риштон” дашт типидаги қўйлар сақланаётган қўра ҳам томошабинлар билан гавжум бўлди...

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Нур» замонавий қўйчилик мажмуасида ташкил этилган «Наслли қўчқорлар кўргазмаси» ана шундай қизиқарли воқеаларга бой бўлди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мамлакатимизда биринчи маротаба ташкил этилган ушбу кўргазмага республикамизнинг барча ҳудудларидан юзга яқин наслли қўчқорлар келтирилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси масъуллари, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган наслчилик-селекция бўйича мутахассислар сўзга чиқишди. Мамлакатимизда соҳада эришилаётган натижалар, истиқболдаги режалар, кўргазманинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

[gallery-8926]

Жорий йилда мамлакатимизда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 9,7 триллион сўмлик 2 мингдан ортиқ лойиҳа амалга ошириш режалаштирилгани соҳага қаратилаётган эътибор нечоғлик эканлиги ҳақида маълумот беради. Ушбу лойиҳалар доирасида хорижий давлатлардан 185,7 минг бош қўй ва эчки олиб келиниб, уларни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу йил қўй-эчкичилик билан шуғулланувчи 27 та хўжалик наслчилик тоифасига ўтказилиб, уларнинг сони 140 тага етказилди.

– Қўйчилик билан кўп йиллардан буён шуғулланамиз, ҳозир 150 бош зотдор қўйимиз бор, – дейди Тошкент шаҳридан кўргазмага келган тадбиркор Озод Убайдуллаев. – Шу соҳага қизиққанимиз боис Покистондан ўн беш бош кайла думба зотли қўйни олиб келдик. Уларни ўзимизнинг иқлим шароитга мослаштирдик. Кўриниши, қулоқларининг сезиларли катталиги билан ажралиб турадиган бу қўйларни маҳаллий зотлар билан чатиштирдик. Натижа яхши бўляпти. Бу зотнинг беш ойлик қўзичоқлари тирик вазни 50 килограмгача боряпти. Катта қўчқорларнинг бўйи бир метрдан баландроқ бўлади. Зот яхши мослашиб кетса келгусида гўшт учун етиштирилади. Ушбу кўргазмада бу қўйларни томоша қилувчилар кўп бўлди.

Кўргазма якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан зотдор қўчқорлар етти йўналиш бўйича танланди. Кўргазманинг мутлақ ғолиби 192 килограмм тош босган “Адмирал” лақабли қўчқори бўлди. Бу қўчқор Фарғона вилояти Қувасой туманидаги Исломбек Эргашевнинг “Турон чорваси” фермер хўжалигида боқилган.

Наслли қўчқорлар кўргазмаси соҳада фаолият юритаётганлар ўртасида катта тажриба ва фикр алмашиш майдони ҳам бўлди.

Икром Аввалбоев, ЎзА