French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Наслчилик тўғрисида”ги Қонун юзасидан 168 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди
08:45 / 2021-06-09

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 554 та назорат тадбири ўтказилиб, уларнинг 510 таси мониторинг ва 44 та текширишлардир.

Ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари давомида 168 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 55 таси юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган, тегишлилиги бўйича 24 та тақдимнома киритилган, 89 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

– Ўтган давр мобайнида ўтказилган назорат тадбирларида инспекциянинг Конимех туман бўлими томонидан 30 та, Нуротада 19 та, Хатирчида 40 та, Учқудуқда 13 та, Томдида 7 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, – дейди “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Жумладан, Конимех туманида ўтказилган назорат тадбирларида қўйчилик йўналишида фаолият юритаётган наслчилик мақомига эга хўжалик юритувчи субъектларда подаларга бошқа зотдаги қўйларни қўшмаслик қонунда белгилаб қўйилганига қарамай, бу масалага эътиборсизлик билан ёндашиб келаётган чўпонлар борлиги кузатилди. Хусусан, “АА” наслчилик мақомига эга масъулияти чекланган жамияти отар чўпонлари ва ишчи ходимлари ўзларига қонун ҳужжатлари билан юклатилган вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганликлари оқибатида Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилишига йўл қўйилган.  

“АА” масъулияти чекланган жамиятининг бош чўпонлари томонидан МЧЖга тегишли бўлган 1333 бош қоракўл зотли қора рангли қўйлари билан бирга ўзларига тегишли бўлган 31 бош бошқа зотдаги, турли хил тусдаги ҳар хил рангли қўй ва қўчқорларни бирга қўшиб боқаётганлиги аниқланди.

– Мазкур ҳолат қоракўл зотли қўйларнинг сифати, насл софлиги бузилишига сабаб бўлади, – дейди инспекциянинг Конимех туман бўлими катта инспектори Жаҳонгир Чўтбаев. – Мазкур қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди. МЧЖ раҳбарига эса юзага келган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилди ва масъулияти чекланган жамиятининг 2 нафар бош чўпонига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб кўриб чиқиш учун Конимех туман жиноят ишлари бўйича судига юборилди.

Чорвачиликка ихтисослашган олис Учқудуқ туманида 3 та наслчилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, унинг 2 таси қорамолчилик ва 1 таси қўйчилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Ўтказилган назорат тадбирларида бу ерда ҳам наслли қорамолларга жайдари молларни бирга қўшиб боқиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, тумандаги қорамолчилик йўналишида наслчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “И.И” фермер хўжалиги фаолияти ўрганилганда, мавжуд қорамолларнинг наслини тасдиқловчи ҳужжати йўқ бўлиб, наслчилик ҳисоб-китоби, пода ҳаракати тўғри юритилмаганлиги, ҳар хил зотга мансуб моллар аралаш ҳолда кўпайтириб келинаётганлиги аниқланди.  

– “Наслчилик тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида наслчилик субъектлари наслли маҳсулотнинг сифатини кафолатлашлари шартлиги кўрсатиб ўтилган, – дейди инспекциянинг Учқудуқ туман бўлими катта инспектори Феруз Бойназаров. – “И.И” фермер хўжалиги раҳбари томонидан бу талаблар бажарилмай келинган. Мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун туман жиноят судига тақдим этилиб, фермерга нисбатан тегишли тартибда жарима қўлланилди.  

Шунингдек, туманда фаолият кўрсатиб келаётган 89 нафар фермер хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси бажарилиши юзасидан ёзма огоҳномалар берилган.

Айни пайтда вилоятда инспекция инспекторлари томонидан чорвачилик йўналишидаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА