English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Насибанинг қувончи чексиз...
07:08 / 2021-03-24

Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” шакллантирилиб, қўллаб-қувватлашга муҳтож, ногиронлиги бор хотин-қизлар, ишсиз ёшларнинг рўйхати тузилиб, уларга манзилли кўмак бериш вазифалари белгиланган.

Хатлов ишларига жалб қилинган мутахассислар уйма-уй юриш орқали бундай фуқаролар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларнинг қизиқишларини аниқлаган ҳолда маълумот ва сўровномаларни қайд этиб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳам ана шундай боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга амалий ёрдам беришни йўлга қўйди. Хусусан, Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган жами 33 та таъмирталаб хонадонга керакли маблағлар ажратилган.

Насиба Бозорова Бекобот шаҳридаги Дўстлик маҳалласида истиқомат қилади. У 2 гуруҳ ногирони. 15 ёшли бир нафар қизи билан ёлғиз яшайди. Ўзи хаста, қизалоғи ёш бўлганлиги сабабли уйни таъмирлашга имконияти йўқ. Ҳомийлар томонидан унга кўрсатилаётган ёрдамдан қувончи чексиз.

– Туғма юрак пароги билан туғилганман, – деди Н.Бозорова. – Ота-онам мени кўп даволатишган. Шунинг ҳисобига мактабдан жуда кўп қолардим. Дарсларни ўзлаштиролмаганим сабабли бор йўғи 4 синфгача ўқиганман. Онам 14 ёшимда оламдан ўтгач, турмушга чиқдим. Бу уй менга ота мерос бўлиб қолган. Шу пайтгача ҳеч қаерда ишламаганман. Худо хоҳласа, уйимни таъмирлаб беришгандан кейин қўни-қўшниларни чақириб меҳмон қиламан. Қизимнинг туғилган кунини нишонлайман. Уйимни 2014 йилларда бир амаллаб таъмирлаган эдим. Барака топишсин, меҳмон келса, уялмайдиган қилиб беришди. Ҳомийларга раҳмат. Юртимиз ҳамиша тинч бўлсин.

Бекобод шаҳридаги Меҳнатобод маҳалласида яшовчи яна 10 та эҳтиёжманд хонадон мазкур банк ва Бекобод шаҳар хокимлиги ҳамкорлигида таъмирлаб берилмоқда.

Афсуски, орамизда бу маъсума аёлларимиз каби ҳаёт аччиқларига чидаб, орзуларини қалбига кўмиб яшаётган оналар бор. Уларга ёрдам қўлини чўзиш, ҳолидан ҳабар олиш эса қалби кенг халқимизга хос анъанадир.

Гулноза Бобоева, ЎзА