Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Насиб бўлса, Олимпиаданинг бокс бўйича сўнгги олтин медали бизники бўлади
09:05 / 2021-08-08

Рости, XXXII ёзги олимпия ўйинларида боксчиларимиздан катта ғалабаларни кутгандик.

 Аммо, Япония рингларида Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тайинланган  ҳакамлар Ўзбекистон боксчиларига қарши иккинчи қутбдан “жанг олиб бориши”ни тасаввур ҳам қилмагандик. Лекин шундай бўлди. Бошқача айтганда, 31-олимпия натижаларини Токио рингларида такрорлашга ҳар томонлама муносиб бўлган “Ўзбек йўлбарслари”га “пистирмадан” ноҳақ  зарба беришди.  

 Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси бош котиби Бекзод Солиев билан XXXII ёзги олимпия ўйинларидаги бокс баҳслари ва боксчиларимизнинг кейинги фаолияти хусусида сухбатлашдик.

–Токио олимпиадасининг бокс баҳслари поёнига етиб бормоқда. Юртимиз боксчилари учун Токио олимпиадаси кутилмаган натижаларга бойлиги билан барчамизни ҳайратга солди. Сизнингча, бу ҳолат ҳақиқатан ҳам кутилмаган натижалар эдими?

– АИБАнинг “Токио-2020” бокс мусобақаларидан четлатилиши олимпия жангларининг жуда паст савияда ўтказилишига олиб келди. Шу пайтгача бўлиб ўтган бирон бир олимпиада мусобақаларида бокс ҳакамлари бу қадар кўп қоидабузилишлари содир этмаганди. Қўйингки, бунчалик ҳам очиқча адолатсизлик содир этишмаганди. Токио бокс баҳсларида биргина биз эмас, жуда кўп давлатлар азият чекди. Ҳакамларнинг ноҳақлиги сабабли Ўзбекистон боксчилари Токио олимпиадасининг камида 4 та медалидан айрилишига сабаб бўлди. Мирзахалилов, Зоиров, Рўзметов, Раҳимова 100 фоиз ҳакамларнинг нопрофессионаллиги туфайли олимп рингини медалсиз тарк этишди. Ўйлайманки, АИБАнинг бугунги раҳбарияти Халқаро олимпия қўмитаси билан ушбу масалада маълум бир келишувларга эришади, ҳақиқат қарор топади, дея умид қиламиз. Бироқ олимпиада натижалари қайта кўриб чиқилмаслигини инобатга олсак, Токио олимпидаси боксга нисбатан ноҳақлик қилинган тарихий олимпиада бўлиб хотирамизда бир умр қоладиган бўлди.

– “Рио-2016” олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Фазлиддин Ғойибназаров, Рустам Тўлаганов бугунги кунда профессионал боксда самарали фаолият кўрсатишяпти. Энди улар сафи “токиочилар” билан кенгайса, кейинги фаолияти қандай кечади, деб ўйлайсиз?

– Профессионал бокс учун олимпия бокси ҳамиша пойдевор бўлиб келган. Бугунги кунда жаҳон профбоксидаги юлдузларнинг деярли 99 фоизи аввал ҳаваскор боксда натижаларга эришиб, кейин профессионал бокс дунёсида ўз ўрнини топишган. Шу жиҳатдан, Токио олимпиадасида қатнашган боксчиларимиз ишонаманки, профессионал жангларда муносиб қатнашиши, шубҳасиз. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги шу пайтгача 2-3 тадан катта боксда жанг ўтказиб, маълум ютуқларни қўлга киритган спортчилар  ҳисобланишади.

– Токио олимпиадасида иштирок этган боксчиларимиздан қайси бири профессионал боксда катта ютуқларга эришади, дейиш мумкин?

– Уларнинг барчаси катта потенциалга эга бўлган спортчилар ҳисобланади. Биласизми, Рио олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган Муроджон Аҳмадалиевни профессионал боксда жаҳон чемпиони бўлади, деб ҳеч ким ўйламаганди. 2016 йилги олимпия ўйинларидан кейин мақсаднинг тўғри қўйилиши натижасида Аҳмадалиев профессионал бокснинг икки йўналишида жаҳон чемпионлигига эришди. Токиочилар сафида ҳам шундай қувватга эга бўлган йигитларимиз бор, албатта.  

– 8 август куни бўладиган Баҳодир Жалолов ва америкалик Ричард Торреснинг жанги хусусидаги фикрингиз?

– Баҳодир Жалолов америкалик боксчини 2019 йилги жаҳон чемпионатида қаттиқ накаутга учратиб, ғалаба қозонганди. Бугунги ва аввалги Торрез ўртасида, албатта, катта фарқ бор. Россиядаги мусобақадан кейин у техник ва тактик жиҳатдан мукаммалашганлигини қозоғистонлик Камшибек Конкабаев билан жангида яққол намоён қилди. Бироқ ҳамюртимизнинг “елкасига қўли етиши”га ҳали бор, деб ўйлайман. Фақат ҳакамлар АҚШ вакилига “беғараз ёрдам” бервормаса, Токио олимпидасининг бокс мусобақаларидаги сўнгги олтин медали бизники бўлади. Аслида ҳам шундай бўлиши шарт.

– Бугунги кунда Ўзбекистон профессионал боксчиларининг жаҳон рейтингидаги ҳолати қандай?

–  Биласизки, Муроджон Аҳмадалиев WBA ва IBF йўналишларида жаҳон чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, Қудратилла Абдуқахҳоров 66,6 килограмм вазнда IBF чемпионлигига асосий даъвогар ҳисобланади. Яна бир иқтидорли боксчимиз Олим Назаров  50,8 килограмм оғирликда WBО рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди. Рио олимпидаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов эса WBA таснифининг етакчиларидан бири сифатида кўрсатилган. Шаҳрам Ғиёсов, Шоҳжаҳон Эргашев, Рустам Тўлаганов, Хуршид Тожибоев каби ўнлаб боксчиларимиз эса профессионал бокс рейтингида ўз ўринларини доимий тарзда мустаҳкамламоқда. Яна 20 нафардан ошиқ ёш ва иқтидорли боксчиларимиз Россия, АҚШ, Украина, БАА, Беларусь каби давлатларда ўтказилаётган рейтинг жангларида иштирок этиб, маҳоратларини оширяпти. Шу ўринда айтиш жоизки, кейинги 2-3 йил орасида Ўзбекистон профессионал боксчиларининг мавқеи анча кўтарилди. Ҳозир жаҳон миқёсида ўтказилаётган ҳар 5 та нуфузли профессионал бокс мусобақасининг ҳеч бўлмаганда биттасида албатта мамлакатимиз вакиллари қатнашяптики, бу сўзсиз Ўзбекистон боксининг халқаро обрўйи юксалишига саломоқли ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.