Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нашриётларнинг янги лойиҳалари тақдимоти ўтказилди
11:48 / 2025-09-26

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Маърифат ва банк: Билимли жамият билан қудратли иқтисодиёт сари” форумининг иккинчи куни нашриётларнинг янги лойиҳалари тақдимоти билан бошланди.

Унда мамлакатимиздаги илғор нашриётлар сўнгги йилларда амалга оширган ишлари ва янги китобларини намойиш этди. Мамлакатимизда китобхонликка юксак эътибор қаратилмоқда.

 Жумладан, 2020 йил 16 март куни давлатимиз раҳбарининг "Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш ноширлик фаолияти соҳасини такомиллаштириш, сифатли адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Сўнгги тўрт йилда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 600 тага яқинлашди. Шундан хусусий нашриётлар 531 та (90 фоиз)ни ташкил этмоқда. Бугунги кунда нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда 40 миллион нусхада китоб нашр этилмоқда. 

Эътиборли жиҳати, соҳага 25 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиб, жорий йил 1 январдан бошлаб нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинди.

Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Хусусан, 2017 йил 12 январда Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши имзоланган эди.

 Ўтган вақт ичида бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари айни соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллигига кенг йўл очди.

Форумда китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келгани, ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортаётгани қайд этилди. Форум доирасида “Мутолаа” лойиҳаси интеллектуал ўйини ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. 

Шунингдек, маркетинг мутахассиси Улуғбек Исматов томонидан “Китоб маркетингида замонавий технологиялар” мавзусида маҳорат сабоқлари ташкил этилди. Шунингдек, болалар ёзувчиси Саъдулла Қуронов ва шоир Носиржон Жўраев билан учрашувлар, шоир Нурмуҳаммад Абдузоир билан шеърий кеча ўтказилди. Асосий мақсад ижодий муҳит ва бизнес ўртасида янги ғоялар алмашинуви учун майдон яратиш. Ташриф буюрганлар иштирокида китоблар юзасидан викторина, нашриётларнинг савдо ярмаркалари иккинчи кунга якун ясайди. 

Ш.Маматуропова, ЎзА