Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Халқаро ноширлар ассоциацияси (IPA) президенти Шайха Бодур Ал Қосимий Шаржада бўлиб ўтган ноширлар биринчи Халқаро конференциясида 56 мамлакатдан келган китоб сотувчи ўз юртларида китобхонлик маданиятини ошириш йўлида ёлғиз эмасликларини таъкидлади. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлиги хабар берди.
- Нашриётлар сизни бу миссияда қўллаб-қувватлайди, - деди Шайха Бодур Ал Қосимий. – Биз африкаликларнинг “Ёлғиз тезроқ юриш мумкин, аммо биргаликда илгарилаб одимлаймиз” мазмунидаги мақолига амал қиламиз.
IPA президенти Шаржа китоблар бошқармаси (SBA) қароргоҳида бўлиб ўтган 13-Шаржа болалар ўқиш фестивали (SCRF) доирасидаги икки кунлик конференциянинг очилиш маросимида асосий маъруза билан чиқиш қилди.
Анжуман 385 нафар ношир, дистрибютор, нашриёт мутахассиси ва бизнес-маслаҳатчини китоб савдосига оид жорий ва келгуси тенденцияларни муҳокама қилиш, китоб бизнеси экотизимини минтақавий ҳамда глобал миқёсда ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш йўлларини ўрганиш мақсадида бирлаштирди.
“Китоб сотувчи китобхонни жалб қилиш, уни китоб билан сийлашга доир ижобий усулларни топишда моҳир эканини биламан. Мутолаа шинавандаларининг доимий ўзгарувчан эҳтиёжи ва ҳатти-ҳаракати, шунингдек, кундалик ҳаётда ўсиб бораётган рақамли чалғитиш шароитида сизнинг саъй-ҳаракатингиз янада долзарб аҳамият касб этади. Глобал пандемия бошлангандан бери ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик мураккаб муаммоларга чидамлилигимизни таъминлашнинг ягона муҳим таркибий қисми бўлиб келмоқда”, дея қўшимча қилди Шайха Бодур.
Меҳмонлар ва иштирокчиларни қутларкан, SBA раиси Аҳмад бин Роққад Ал Амирий шундай деди: “Илк конференцияни ташкил қилиш орқали биз мулоқот ва алмашинув платформасини таклиф қиламиз. Биз барча дастурлар ва ташаббуслар нуфузли халқаро профилга эга мустаҳкам маданий пойдевор асосига қурилгани, ижодкорларни шарафлаш ва нашриёт сектори инфратузилмасига сармоя киритиш орқали маданий ҳаракатни ривожлантиришга ёрдам беришини тасдиқлаймиз”.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади, ЎзА