«Насаф» яна ғалаба қозонди
Қаршининг «Насаф» футбол клуби «ОФК кубоги-2021» мусобақасининг “F” гуруҳида ўзининг иккинчи учрашувини муваффақиятли ўтказди.
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтаётган мусобақанинг иккинчи турида «Насаф» клуби мезбонлар вакили «Хўжанд» жамоасига қарши майдонга тушиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Қарши жамоасига ғалаба келтирган голларга Акмал Мозговой, Ҳусниддин Алиқулов ҳамда Шерзод Насруллаев муаллифлик қилди.
Энди учинчи турда «Насаф» Туркманистоннинг «Олтин аср» клубига қарши баҳс олиб боради. Мазкур учрашувда ғолиб бўлган жамоа гуруҳ жадвалининг биринчи поғонасидан жой олади.
Ҳозир “F” гуруҳида «Насаф» 6 очко билан биринчи поғонада бораётган бўлса, «Олтин аср» 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаган. «Хўжанд» эса ягона очко жамғарган ҳолда учинчи, «Олой» (Қирғизистон) эса сўнгги ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,ЎзА