Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 13-тур доирасида бўлиб ўтган ўйинларда "Нефтчи" ва "Насаф" жамоалари муҳим ғалабаларга эришди.
Фарғонада, "Истиқлол" стадионида "Нефтчи" ўз майдонида "Бухоро"ни қабул қилди. Тенг курашлар остида кечган баҳс тақдирини 90-дақиқада урилган ягона гол ҳал қилди — мезбонлар футболчиси Ёван Жокич ўз жамоасига қимматли уч очкони тақдим этди. Ушбу ғалабадан сўнг "Нефтчи" очколарини 23 тага етказди, "Бухоро" эса 9 очко билан турнир жадвалининг қуйи қисмида қолмоқда.

Шу турда амалдаги чемпион "Насаф" сафарда "Машъал" жамоаси устидан ишончли ғалабага эришди — 3:1. Қаршиликлар сафида Ҳусайн Норчаев дубль қайд этган бўлса, яна бир голга Драган Черан муаллифлик қилди. Мезбонларнинг ягона голи эса Нуржаҳон Музаффаров ҳисобига ёзилди. Ушбу натижадан сўнг "Насаф" очколар сонини 31 тага етказиб, турнир жадвалидаги етакчиликни янада мустаҳкамлади.
Бугун, 21 июнь куни эса 13-турнинг марказий учрашувларидан бири — "Навбаҳор" ва ОКМК жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади. Учрашув Намангандаги "Марказий" стадионда соат 20:00 да бошланиши белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА