Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Насаф” ва “Навбаҳор” плей-оффда, “Пахтакор” улар ортидан бормоқда
11:04 / 2023-12-05

Кеча ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун қувончли кун бўлди. Осиё чемпионлар лигасида “Насаф”, “Навбаҳор” ва “ОКМК гуруҳ баҳсларида сўнгги учрашувларини ўтказди. “Насаф” ва “Навбаҳор” кутилган натижани қайд этиб, мусобақанинг плей-офф босқичига йўлланма олди. Бугун эса “Пахтакор” сўнгги турда ўз майдонида рақобатлашади.

Дастлаб, ҳар бир учрашувга ўзгача услубда тайёргарлик кўрадиган “Насаф” жамоасининг 6-турда “Ас-Садд”га қарши ўтган ўйинига тўхталиб ўтамиз. “Насаф” мезбонларнинг кетма-кет ҳужумлари эвазига учрашувнинг 6-дақиқасидаёқ гол ўтказиб юборди. Шундан кейин майдонда тенг кураш бўлди. Учрашувнинг 83 ва 90-дақиқаларида вакилларимизнинг аниқ ҳаракатлари эвазига “Насаф” иккита гол уришга муваффақ бўлди. Жамбули Жигаури дубль муаллифи. Афсуски, 90+4 дақиқада Бунеджа яратилган вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди – 2:2.  

Шу тариқа Рўзиқул Бердиев шогирдлари “B” гуруҳида 11 очко тўплаган ҳолда биринчи ўрин билан чиқди. Шунингдек, гуруҳда “Ас-Садд” ва “Шаржа” жамоалари 8 очко жамғарди. Бироқ тўплар нисбатига кўра, “Ас-Садд” иккинчи бўлди. “Ал-Файсали” 6 очко билан сўнгги ўринда қолди.  

Чемпионлар лигасининг “D” гуруҳида 6-тур баҳслари ўтказилди. “Мумбай Сити” меҳмони бўлган “Навбаҳор” 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 16-дақиқасида мезбонлар вакили Эл Ҳаяти ҳисобни очган бўлса, 29-дақиқада Жамшид Искандеров жаримадан супер зарба йўллаб, учрашувда мувозанатни тиклади. Бўлим сўнгида Жокич бурчакдан узатилган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди.  

Мазкур натижадан сўнг “Навбаҳор” 13 очко жамғарган ҳолда гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади ва нимчорак финалга йўл олди. Гуруҳ пешқадами "Ал-Ҳилол" сўнгги ўйинда "Нассажи Мозандарон"ни 2:1 ҳисобида таслим қилди ва очколарини 16 тага етказди. “Нассажи Мозандарон” эса 6 очко билан учинчи, "Мумбай Сити" эса 0 очко билан тўртинчи бўлди.  

Маълумот учун, мусобақада ғарб ва шарқ зонасига ажратилган ҳар бир минтақанинг 3 та энг яхши иккинчи ўрин соҳиблари кейинги босқичга йўл олади. "Навбаҳор" қўлга киритган натижаси туфайли 3 та энг яхши жамоаларнинг биттасига айланди.  

Дарвоқе, Наманган жамоасида ёрқин ўйин намойиш этган Остон Ўрунов “лочинлар” билан хайрлашди. У қайси жамоага ўтиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Остон “Навбаҳор” таркибида жорий мавсум Ўзбекистон Суперлигасида 25 та ўйинда қатнашиб, 9 та гол урди ва шерикларига 2 та самарали узатмани амалга оширди.  

Осиё чемпионлар лигасининг “С” гуруҳида “Эйр Форс” “ОКМК”ни 3:2 ҳисобида енгди.    

Шу тариқа “Эйр Форс” очколари сонини 10 тага етказди ва гуруҳда 3-ўринни банд этди. “ОКМК” ҳисобида эса очко мавжуд эмас ва улар сўнгги 4-поғонадан жой олган. Гуруҳда “Ал-Иттиҳод” 15 очко билан биринчи, “Сепахон” эса 10 очко билан тўплар нисбатига кўра иккинчи бўлди.    

“ОКМК” гуруҳ босқичидаги 6 та ўйиннинг бирортасида очко ишлай олмади ва 5 та гол уриб, 22 маротаба дарвозасидан тўп олиб чиқди.    

Бугун ОЧЛ доирасида 6-турнинг сўнгги учрашувлари бўлиб ўтади. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси ўз майдонида “Ал-Файҳа”ни қабул қилади. Ўйин соат 19:00да “Бунёдкор” стадионида бошланади.  

“А” гуруҳида вазият бироз мураккаброқ. 5-турдан сўнг гуруҳда “Ал-Айн” 12 очко билан биринчи ўринни нақд қилган бўлса, “Пахтакор” 7 очко билан иккинчи, “Ал-Файҳа” эса 6 очко билан учинчи поғонада бормоқда. “Аҳал” эса 4 очко жамғариб, 4 ўринда бормоқда.  

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Осиё чемпионлар лигаси ғарбий минтақадаги гуруҳларнинг энг яхши 3 та 2-ўрин эгалари ҳам плей-оффга йўл олади ва “Навбаҳор” бу вазифани уддалади. Энди навбат “Пахтакор”га. Бироқ, плей-оффга чиқиш тўлиқлигича уларнинг кўлида эмас.  

Ҳозирда ушбу минтақада икки нимчорак финал чиптаси турибди ва унга "Сепахон", "Ал-Садд", "Персеполис" ва "Пахтакор" жамоалари курашмоқда. Ушбу жамоалар ичида "Пахтакор" нисбатан оғирроқ вазиятда. "Шерлар" энг яхши 2-ўринлар жадвалидан жой олиш учун бугун "Ал-Файҳа"ни йирик ҳисобда енгиши керак. Шундагина тўплар нисбатига кўра, “Сепахон"ни қувиб ўтади ва "Персеполис"нинг натижасидан қатъи назар плей-офф иштирокчисига айланади. Ёки "Персеполис" – "Ал-Дуҳайл" баҳсида форслар мағлуб бўлиши талаб этилади.  

Шундагина очколар бўйича "Пахтакор" энг яхши иккинчи ўрин эгалари орасида 3-ўринни эгаллаб, плей-оффнинг сўнгги иштирокчисига айланиши мумкин.  

Шарҳимиз сўнгида мамлакатимиз Про-лигасидан Суперлигага йўлланма олган “Динамо” жамоаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Жамоа бир ойлик таътилдан сўнг янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Вадим Абрамов шогирдлари Самарқанддаги клуб қароргоҳида тўпланди ва машғулотларга киришди. Мураббий илк йиғинда ёш ўйинчиларни синаб кўриш ва футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклашга эътибор қаратмоқда.    

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА