Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Насаф” “ОКМК”дан 9 очко олдинга ўтиб кетди
07:06 / 2024-09-24

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган сўнгги учрашув “Насаф“ ва “ОКМК” жамоалари ўртасида ўтказилди.

Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида ташкил этилган мазкур ўйинда мезбонлар вакили Жавоҳир Сиддиқов 9- ва 42-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилди ва “Насаф”нинг муҳим ўйиндаги ғалабасини таъминлади.  

 Кутилганидек, ушбу учрашувда энг яхши футболчи дея Жавоҳир Сиддиқов эътироф этилди.  

 Шу тариқа, 19-тур баҳслари якунланди ва мусобақа жадвалида “Насаф” 44 очко билан яққол пешқадамга айланиб олди ҳамда энг яқин таъқибчиси бўлган “ОКМК” клубидан 9 очко олдинга ўтиб кетди. Бунинг натижасида “Насаф” бу йилги Суперлига баҳсларида деярли чемпионга айланди.  

 Мусобақа жадвалида учинчи ўринда бораётган “Сўғдиёна” ҳисобида айни дамда 32 очко бор. Бу йилги мавсумда ҳамон ўз ўйинини топа олмаётган “Пахтакор” бу турни 29 очко билан тўртинчи поғонада тугатди.  

“Нефтчи” эса 28 очко билан 5-ўриндан жой олди. “Навбаҳор” сафардаги ғалаба эвазига очколарини 26 тага етказиб олган бўлса, “Сурхон” кутилмаган мағлубиятдан сўнг 25 очко тўплаб, 7-поғонада қолди. “Динамо” (23 очко), “Олимпик” (21 очко), “Андижон” (20 очко) клублари эса кучли ўнликни якунлади. “Қизилқум” эса 20 очко билан 11-поғонада қайд этилди.  

 Бу турдан сўнг “Локомотив” ва “Бунёдкор” бир хил - 18 очко билан 12-13-ўринда бормоқда. Бу мавсумни ўта омадсиз ўтказаётган “Металлург” жамоаси ниҳоят илк ғалабасини қўлга киритган бўлса-да, 14 очко билан ҳамон сўнгги ўринда бормоқда.  

 Ҳозирда “Сўғдиёна” жамоаси аъзоси Люпчо Дориев 10 та гол уриб, Суперлига тўпурари бўлиб турибди. Уни “Пахтакор” жамоаси сардори Драган Черан 9 та гол билан таъқиб этмоқда. Шунингдек “Динамо” аъзоси Анваржон Ҳожимирзаев ва “Навбаҳор” ҳужумчиси Тома Табатадзе 8 та гол билан кейинги ўринларда бормоқда.  

 Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тур учрашувлари 25-28 сентябрь кулари бўлиб ўтади. Унда “Пахтакор” – “Олимпик”, “Андижон” – “Нефтчи”, “Навбаҳор” – “Сўғдиёна”, “Динамо” – “Сурхон”, “Қизилқум” – “Металлург”, “ОКМК” – “Локомотив”, “Бунёдкор” – “Насаф” баҳслари бўлиб ўтади.   

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА