Футбол бўйича Миллий чемпионатимизнинг 27-тур учрашувларини “Динамо” – “Хоразм”, “Навбаҳор” – “Насаф” клублари ўртасидаги ўйин бошлаб берди.
Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтган “Навбаҳор” ва “Насаф” жамоаларининг баҳси 0:0 ҳисобида дуранг билан якунланди. Натижада Қарши шаҳрининг бош жамоаси очколарини 58 тага етказиб олди. Мезбонларнинг очкоси эса 38 тага етди.

Самарқандда ўтказилган “Динамо” – “Хоразм” баҳсида 3:1 ҳисоби қайд этилди. Мазкур ўйинда мезбонларга ғалаба келтирган голларга Журани Ферреира, Беҳрузбек Облақулов ва Хислат Ҳалилов муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг ягона голини Темурбек Исмоилов киритди.
Шу тариқа, “Динамо” Суперлигада 52 очко тўплаб, 4-поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Дарвоқе, мазкур жамоа ҳисобида битта учрашув бор. “Хоразм” эса 27 учрашувда бор йўғи 24 очкога эга чиқиб, 14-ўринда қолди.

Миллий чемпионатимизда бугун, 31 октябрь куни “Шўртан” – ОКМК баҳси бўлиб ўтади. Эртага 1 ноябрь куни эса “Андижон” – “Бухоро”, 2 ноябрда “Нефтчи” – “Сурхон”, “Машъал” – “Қўқон-1912”, “Сўғдиёна” – “Қизилқум”, 3 ноябрь санасида “Пахтакор” – “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги учрашувларга гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА