Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида футбол бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Қуръа натижасига кўра, мамлакатимизнинг "Насаф" жамоаси "B" гуруҳидан ўрин олди. Футболчи қизларимиз ушбу гуруҳда "Уҳан Жиангда" (Хитой), "Бам Ҳатун" (Эрон) ва "Ист Бенгал" (Ҳиндистон) клубларига қарши ўйин ўтказади.

Шунингдек, мусобақанинг бошқа гуруҳларидан қуйидаги жамоалар ўрин олди:
“А” гуруҳи: “Мельбурн Сити” (Австралия), “Хо Ши Мин Сит” (Вьетнам), “Сталлион Лагуна” (Филиппин) ва “Лайон Сити Сэйлорс” (Сингапур);

“С” гуруҳи: “Сувон” (Корея Республикаси), “Токио Верди Белеза” (Япония), “Наегоҳянг” (КХДР) ҳамда “ISPE WFC” (Мьянма).

Аёллар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи учрашувлари Австралия, Вьетнам ва Мьянма мамлакатларида марказлашган тартибда 9-23 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Чорак финал учрашувлари эса 2026 йил 22-23 март кунлари ўтказилади. Ярим финал ва финал ўйинлари марказлашган тартибда иштирокчи клублардан бирининг майдонида келаси йил 20-23 май кунлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА