Космос ва инновациялар соҳасидаги илмий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Талабалар ва ёш олимларнинг замонавий технологиялар ва муҳандислик ютуқлари билан яқиндан танишиши келажакда илмий салоҳиятни оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Ана шу мақсадда АҚШнинг NASA агентлиги делегацияси Геология фанлари университетига ташриф буюрди.
Мазкур ташриф доирасида томонлар ўртасида “Орзу қилишга жасорат: Марс миссияси - Dare to Dream: Mission to Mars” мавзусида илмий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Унда фан, технология ва муҳандислик (STEM) йўналишлари бўйича маърузалар ва муҳокамалар бўлиб ўтди. Делегация раҳбари, АҚШнинг машҳур космик муҳандиси Нагин Кокс Марсга амалга оширилган миссиялар, замонавий муҳандислик ютуқлари ҳамда космик тадқиқотлар бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Нагин Кокснинг қайд этишича, Марсни ўрганишда 400 нафардан ортиқ олим иштирок этган. Улар сафида геология соҳаси мутахассислари фаол қатнашган. Бундай илмий бирдамлик NASA томонидан йиллар давомида Марсга ракета ва роботларни юборишда амалий аҳамият касб этган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизматига кўра, учрашув якунида соҳани ривожлантиришда ёшларни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш муҳим экани таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА