Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нарзулло Обломуродов «Яшил макон» лойиҳаси ижроси билан танишди
19:03 / 2021-11-29

Қашқадарё вилоятида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида жами 16 миллион 356 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.

 Айни пайтда кузги мавсумга тўғри келадиган манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилаётган бўлса, эрта баҳордан яна кўплаб турдаги кўчатлар экилади.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Нарзулло Обломуродов бошчилигида ишчи гуруҳи 26-27 ноябрь кунлари “Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, дарахт ва бута кўчатларини экиш, парваришлаш билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Экопартия раҳбари вилоят мутасаддилари ҳамроҳлигида дастлаб Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мажмуасида бўлди. Буюк аллома ҳақига қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг, «долзарб 40 кунлик» доирасидаги ишларни кўздан кечирди. Экилган дарахт турлари, уларни суғориш ва парвариши билан қизиқди. Шу ернинг ўзида кўчат экиш ва уни парваришлашга оид тавсиялар берилди. Шунингдек, масъул «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Касби туманидаги «Қашқадарё» ММТП ҳудудида туман «Агро пилла» МЧЖ томонидан ташкил этилаётган 7 гектарлик тут плантациясига борди.

Касби туманида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 1 миллион 336 минг 600 туб дарахт экиш режалаштирилган. Шундан 2021 йил кузида 561 минг туп, қолган қисми баҳор мавсумида экилади. Жорий йил 26 ноябрь кунигача туман ҳудудида 322 минг 500 туп мевали ва манзарали дарахт экилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тут дарахти Қашқадарё вилояти иқлим шароитига мос бўлиб, тупроқ таркибини яхшиланишида ёрдам беради. Кам сув талаб қилгани боис Касби тумани тупроғида ҳам яхши ўсади. Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Нарзулло Обломуродов янги ташкил этилаётган тут майдонларини кўздан кечириб, дарахт кўчатлари экишга ўз ҳиссасини қўшди.

Касби туман «Агро пилла» МЧЖ раҳбари Т.Даминовнинг айтишича, 7 гектарлик тут плантацияси 14 нафар касаначига 50 сотихдан бўлиб берилган. Экилган тут кўчатларини парваришлаш, суғориш ишларига касаначиларнинг ўзлари масъул бўлади. Айни вақтда бу тажриба кўплаб оилалар қўшимча даромад манбаига эга бўлиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кейинги манзил «Шўртан» давлат ўрмон хўжалигининг Қарши туман бўлими бўлди. Ишчи гуруҳи бу ерда бўлиб, хўжалик фаолияти билан яқиндан танишди. Шўртан давлат ўрмон хўжалиги масъуллари етиштирилаётган кўчатларнинг вилоят иқлимига мослиги, парвариши ва фойдалилиги бўйича маълумот берди.

Бу ерда 515 гектар майдонда 31 хилдаги игна баргли, манзарали, бутасимон, мевали ва доривор кўчатлар етиштирилади. 40 гектарда кўчатхона ташкил этилган ва 4 миллиондан зиёд ниҳол ва кўчатлар парваришланмоқда. Ҳозирда 2 миллиондан ортиқ кўчатлар экишга ва сотишга тайёр.

– «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят аҳлига ва корхона, ташкилотлар учун енгиллик яратиш мақсадида ташкил этилган марказлашган кўчат ярмаркасига ҳар куни эҳтиёждан келиб чиқиб турли кўчатларни етказиб беряпмиз, – дейди Шўртан давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмончиси, директор ўринбосари Фарҳод Боймуродов. – Шу кеча-кундузда 25 та ташкилот билан кўчатлар етказиб бериш бўйича 664 миллион сўмлик шартномалар имзоланди.

Сафарнинг иккинчи куни Ғузор туманининг чекка қишлоғидаги «Тенгдош» маҳалласи ҳудудида фойдаланилмайдиган 7,5 гектар майдонда барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» боғига борилди. Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Носир Ҳалимов, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Нормуҳаммедов, Ғузор туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида экилган дарахтлар турлари, парвариши, суғорилиши билан танишилди.

Масъулларнинг маълумотига кўра, туман ҳудудида экилган дарахт ва бута кўчатлари асосан томчилатиб ва оқова сувлар билан суғорилади. Шу жумладан, «Янги Ўзбекистон» боғида экилган дарахтлар ҳам томчилатиб суғориш технологиялари асосида парваришланади. Ҳозирда «Янги Ўзбекистон» боғини томчилатиб суғориш учун артезиан қудуғи қазилмоқда. Шунингдек, ишчи гуруҳи тумандаги 47-умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлди. Мактаб ҳовлиси кенг. Сув ҳам бор. Бироқ яшиллик, дарахтлар кам экилган экан. 5 гектардан ортиқ мактаб ҳудудининг 4 гектари бўш. Маҳаллий тадбиркор ёрдами билан 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, артезиан қудуғи қазилган. Тез орада мактаб ҳовлисига ҳудудий сектор раҳбари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш туман инспекцияси, Ўзбекистон Экологик партияси Ғузор туман кенгаши раиси ҳамда ҳудуддан сайланган депутатлар томонидан турли манзарали ва мевали дарахтлар экишга келишиб олинди.

Ўлмас Баротов,

ЎзА