Марказий банк ва Рақобатни ривожлантириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўртасида “Нархлар барқарорлигини таъминлаш, бозорларда рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида” меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат мамлакатда нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляцияни пасайтириш ҳамда товар ва хизматлар бозорларида соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Меморандум доирасида инфляцияга таъсир этувчи бозор механизмларини илмий асосда таҳлил қилиш, асоссиз нарх ошиши ва монопол мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларига қарши курашиш, тармоқлар кесимида нарх шаклланиши жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича ўзаро маълумот алмашиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, истеъмол бозорида таклиф омилларини биргаликда ўрганиш, эҳтимолий хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар мувофиқлаштирилади.
Томонлар инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлашда институционал ҳамкорликни кучайтириш, товар ва хизматлар бозорларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, нарх шаклланишига таъсир этувчи монопол шароитларни тезкор аниқлаш бўйича ахборот алмашиш тизимини йўлга қўйиш, бозор концентрацияси, монопол ҳолатлар ва бозор ҳукмронлигини таҳлил қилиш, шунингдек, молия бозорларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан фикр алмашишни мақсад қилган.
Ш.Маматуропова,ЎзА