Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нархлар, инфляция мақсадлари, кутилаётган макроиқтисодий прогнозлар
16:19 / 2023-01-31

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистон иқтисодиётида шаклланган ва кутилаётган шароитлар, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, 2023 йилда кутилаётган макроиқтисодий прогнозлар тўғрисида маълумот берди.

– 2022 йилда ички иқтисодий шароитларда бир қатор ижобий тенденциялар кузатилган. Йил якуни бўйича реал ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябрь ойидаги прогнозларига яқин, 5,7 фоиз доирасида шаклланди.  

Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 266 триллион сўм сезиларли ўзгариш кузатилмаган бўлса-да, ялпи истеъмол ҳажмининг ўсиши иқтисодиётда талабни шакллантирувчи асосий омиллардан бўлди. Шунингдек, олдинги йилларда амалга оширилган фискал рағбатлантиришлар ҳам юқори иқтисодий фаолликка сабаб бўлмоқда.  

Жорий йилда фискал рағбатлантиришларнинг нисбатан мувозанатлашуви кутилаётган бўлса-да, ўтган 3 йилда кузатилган юқори фискал дефицитнинг ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирлари давом этиб бориши бўйича кутилмалар бор.  

Меҳнат бозоридаги барқарорликнинг сақланиб қолиши, меҳнат ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг юқори ўсиш суръатлари узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва кўчмас мулкларга бўлган талабни ошишига ва, ўз навбатида, ушбу бозорларда нархлар ўсишига олиб келмоқда.  

Кузатувларга кўра, 2022 йилда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар – 28 фоизга, бирламчи бозорда – 17 фоизга ошган. Умуман олганда, ўтган йилда иқтисодий шароитларда кузатилган ижобий тенденцияларнинг 2023 йилнинг I ярмида ҳам давом этиши бўйича эҳтимоллик юқори. Ўз ўрнида, январь ойидаги аномал об-ҳаво шароитлари туфайли таклиф билан боғлиқ қисқа муддатли хатарлар айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмларига таъсир кўрсатди. 

Оддий қилиб айтганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларга етказиш, бозорларда савдони ташкил қилиш борасида узилишлар ва камчиликлар мавжуд. Шунингдек, қўшни давлатларда ҳам айрим маҳсулотлар экспортига чекловлар қўйилмоқда.  

Бироқ, бугунги кунда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ва энг асосийси, ушбу вазият билан боғлиқ инфляцион хатарлар қисқа муддатли характерга эга.  2022 йил давомида шаклланган ташқи шароитлар бўйича шуни қайд этиш керакки, иқтисодиётимиз бу жараёнлардаги ўзгаришларга мослашиб борди ҳамда ташқи иқтисодий хатарларнинг таъсири дастлабки баҳолашларга нисбатан пастроқ бўлди.  

Ўтган йил февраль ойида геосиёсий хатарлар бошланганда унинг таъсири анча сезиларли бўлишини кутгандик. Бироқ, иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий шароитларга мослашиши, иқтисодий сиёсатидаги ўз вақтида кўрилган чоралар, ташқи савдо муносабатларининг қисқа вақтда қайта тикланиши ва мамлакатимизга валюта тушумларининг сезиларли ўсишига имкон берди.  

Хусусан, экспорт тушумлари ҳажми 2021 йилга нисбатан 28 фоизга ошган бўлса, мамлакатимизга кириб келган пул ўтказмалари ҳажми 2,1 баробарга ортиб, қарийб 17 миллиард долларга етди. Тўғри, бу пул ўтказмаларнинг бир қисми кичик экспорт тушумлари ёки қўшни давлатлар фуқароларининг тегишли ўтказмалари билан боғлиқ. Шу билан бирга, аҳолини валюта айирбошлашга йўналтирилган пул ўтказмаларининг ҳам сезиларли ўсиши (+68%) иқтисодиётда ялпи истеъмолни оширувчи асосий омиллардан бўлмоқда. Банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут 2,9 миллиард долларга тенг бўлди.  

Бунда аҳолининг валюта сотуви 11,9 миллиард долларни ва аҳолининг валюта хариди 8,9 миллиард долларни ташкил қилди. Умуман олганда, мамлакатимизга валюта маблағлари кириши 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 32 фоизга ортган бўлса, валюта чиқими – 22 фоизга ўсди ва ушбу вазият алмашув курсининг барқарор бўлишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. 

Ташқи савдо операциялари, валюта оқимлари ва пул ўтказмалари бўйича ижобий тенденциянинг жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. Бироқ, 2023 йилда глобал иқтисодий фаоллик ва асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётлари ўсишининг пасайиши билан боғлиқ юқори ноаниқликлар сақланиб қолмоқда ва бу албатта, иқтисодий кўрсаткичларимизнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.  

2022 йил бошида биз инфляциянинг йил якунида 8-9 фоизгача пасайишини кутгандик. Юзага келган ташқи геосиёсий вазият ва унинг таъминот занжирларига таъсири, жаҳон бозорида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашёлар ва энергия ресурслари нархининг юқори ўсиши ҳамда ички талабни қўллаб-қувватловчи омиллар таъсирида инфляцияда юқори ўсиш кузатилди.  

Натижада, 2022 йил якуни бўйича йиллик умумий инфляция 12,3 фоизга тенг бўлди. Сўнгги ярим йилликда базавий инфляцияда ҳам сезиларли ўсиш тенденциялари кузатилди ва йиллик 13,8 фоизгача етди. Базавий инфляция даражасининг юқори бўлиши иқтисодиётда шаклланаётган инфляцион жараёнларнинг кенг қамровли ва нисбатан узоқ муддатли характерга эга бўлиб бораётганлигини билдиради.  

Охирги уч ойда аҳолининг инфляцион кутилмаларида ҳам мўътадил ўсиш кузатилмоқда ва уларнинг йўналиши келгусида инфляцион хатарларнинг янада кучайиши мумкинлигини билдиради. 2022 йил декабрь ойи сўрови натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15,5 фоизни ва тадбиркорлик субъектлариники 14,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса, Ҳукумат ва Марказий банкдан 2023 йил давомида ҳам инфляцияни пасайтириш бўйича янада таъсирчан чоралар кўришни тақозо этади. 

2022 йил давомида юқорида қайд этилган инфляцион босимлар таъсирини пасайтириш мақсадида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақлаб қолинди. Натижада, пул бозорида бугунги кунда 2-3 фоизлик реал ижобий фоиз ставкалари таъминланмоқда. “UZONIA” ставкаси 14 фоиз атрофида шаклланиб келмоқда.  

Айни пайтда, жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 2022 йил декабрда 20,2 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,9 фоизни ташкил этди.  

Аҳолининг инфляцион кутилмаларига нисбатан ҳам камида 4-5 фоизлик ижобий фоиз ставкалари миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажмининг сезиларли даражада ўсишига хизмат қилмоқда. Маълумот ўрнида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари ҳажми 2021 йилда 1,7 баробарга ва 2022 йилда 1,6 баробарга кўпайди.  

Марказий банк асосий ставканинг июнь-июль ойларидаги пасайтирилишига мос равишда кредитлар бўйича фоиз ставкаларида ҳам пасайиш кузатилди. Декабрь ойида аҳолига ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 22,4 фоизга ва юридик шахсларники бўйича 22,2 фоизга тенг бўлди.  

Йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб миллий валютадаги кредитлар ҳажмининг ортиши ҳисобига иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиш суръати бироз тезлашди. Ушбу ҳолат аҳолига ажратилган кредитларнинг юқори даражада ўсиши билан изоҳланади. 2022 йилда иқтисодиётга жами кредит қўшилмалари 21,4 фоизга ошган бўлса, аҳолига ажратилган кредитлар ҳажми 45,2 фоизга кўпайди. Ўз навбатида, чакана кредитларнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётда ялпи истеъмолни қўллаб-қувватлаш орқали инфляцияга босим ўтказиши мумкин.  

Умуман олганда, ўтган йилда иқтисодиётни молиявий қўллаб-қувватлаш, яъни кредитлаш жараёнларида таркибий ўзгариш кузатилиб, банклар кўпроқ ички ресурслардан фойдаланган ҳолда фаолият юритишди. Бу, ўз навбатида, мавжуд молиявий имкониятларни самарали мобилизация қилиниши билан биргаликда, иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишига хизмат қилди. Бу жараён жорий йилда ҳам давом этиши кутилмоқда.  

Депозитлар долларизацияси 2021 йилдаги 39 фоиздан, 2022 йилда 34 фоизгача, кредитлар долларизацияси эса – 48 фоиздан 45,6 фоизгача пасайди. Охирги пайтда жаҳон иқтисодиётининг ўзгаришларга мослашуви ҳамда кўплаб давлатларнинг марказий банклари томонидан пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириб борилиши кузатилмоқда. Бу эса, глобал инфляцион жараёнларнинг кучсизланишига ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари биржа нархининг нисбатан пасайишига хизмат қилади.  

Оддийроқ қилиб айтганда, 2023 йилда ташқи инфляцион омиллар ва валюта алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги жорий йилда инфляцияни пасайтирувчи омиллардан бўлиши кутилмоқда.  

2022 йил якунлари бўйича эълон қилинган статистик кўрсаткичлар, ички ва ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар ва кутилмалардан келиб чиқиб, Марказий банк ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларини янгилади.  

Прогнозларга кўра, 2023 йил I чорагида ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори шаклланган бўлса-да, 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5-5 фоиз – базавий прогноз доирасида ўсиши кутилмоқда. Глобал иқтисодиётда ва асосий савдо ҳамкорларимизда 2022 йилдагига нисбатан пастроқ ўсиш кўрсаткичларининг кутилаётганлиги турли каналлар (ташқи савдо, пул ўтказмалари, капитал оқими ва бошқалар) орқали бизнинг иқтисодиётимиз ўсишида ҳам ўз аксини топади. Ўз навбатида, базавий сценарий бўйича 2023 йилда йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда, – деди Марказий банк раиси.  

Шаҳноза Маматуропова ёзиб олди.  

ЎзА