Бухоро вилоятида Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларига амал қилиниши юзасидан ўтказилган кенг қамровли ўрганишлар натижасида дори воситалари нархларини асоссиз равишда ошириш билан боғлиқ жиддий қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида Солиқ органлари томонидан дори воситалари савдосида аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар Рақобат қўмитасининг “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган. Ушбу маълумотлар белгиланган тартибда таҳлил қилиниб, улар асосида Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган дорихоналар фаолияти юзасидан чуқур ўрганиш ишлари амалга оширилган.
Олиб борилган текширувлар натижасида вилоятда фаолият юритаётган 53 та дорихона томонидан жами 38 минг 355 та ҳолатда дори воситалари нархлари амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз ошириб қўлланилгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар орқали истеъмолчилардан жами 929 миллион 400 минг сўм миқдорида асоссиз даромад олингани маълум бўлди. Бу эса аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларига салбий таъсир кўрсатган.
Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан қонунчиликка мувофиқ тегишли таъсир чоралари кўрилди. Хусусан, асоссиз равишда олинган маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари таъминланди. Шу билан бирга, дорихоналарга келгусида бундай қоидабузарликларга йўл қўймаслик юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилди.
Бундан ташқари, лицензия талаблари ва фармацевтика фаолиятини амалга ошириш қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тақдим этилди. Ушбу материаллар асосида дорихоналар фаолиятига қонуний баҳо берилиб, белгиланган тартибда чоралар кўрилиши назарда тутилган.
Вилоят бошқармаси томонидан таъкидланишича, дори воситалари бозорида қонунчилик талабларига риоя этилиши, нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан, мазкур йўналишда назорат ва мониторинг ишлари келгусида ҳам тизимли равишда давом эттирилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.