Ачинарлиси, жиноятчиларнинг 59 нафарини мактаб ўқувчилари, 124 нафарини талабалар ташкил этган. Шу боис ҳам ёшлар орасида бу иллатга қарши курашиш кучайтирилмоқда. Февраль ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги ўтказилади.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда республикада ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 15 минг 412 жиноят ва 1 минг 956 маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.
Тезкор тадбирлар натижасида 3 тонна 413 кг. наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилиб, истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинган.
Бу пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.
[gallery-27388]
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги томонидан Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва Маҳалла уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда гиёҳвандлик ва наркожиноятчилик нафақат миллий, балки, минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди.
Гиёҳвандлик воситаларининг энг кўпини “гашиш” ва “опий” моддалари ташкил этаётгани, 14 яширин нарколаборатория аниқланиб, уларда сақланган жами 75 кг. гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилингани айтиб ўтилди.
Наркожиноят содир этган 11 минг 49 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Ачинарлиси, жиноятчиларнинг 59 нафарини мактаб ўқувчилари, 124 нафарини талабалар ташкил этган.
Нарковазиятни барқарорлаштириш ва наркотаҳдидларга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” тасдиқланди.
Дастурда февраль ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлигини ўтказиш вазифаси белгиланган.
Тадбир доирасида мазкур ойликка расман старт берилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ёшлар форуми” ўтказилди. Унда пойтахт маҳаллалари ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, таълим муассасаларининг тарбиявий ишларга масъул ходимлари, талабалар, мактабларнинг инспектор-психологлари ва юқори синф ўқувчилари иштирок этди.
Форумни ёш ижодкорлар томонидан яратилган “Бадал” қисқа метражли фильми премьераси очиб берди. Премьерада муаллифлар лойиҳани яратишга туртки бўлган сабаблар, уни суратга олишда қўлланилган креатив ёндашув, фильм орқали ёшларга етказмоқчи бўлган асосий ғоя ҳақидаги фикрларини баён қилди.
Тадбирда “Антинарко” ёшлар фронт офиси тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, форум давомида Ёшлар ишлари агентлиги фаоллари томонидан “Мини музей” ва “Блиц” қизиқарли савол-жавоб викториналари ташкил этилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Форум ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши иммунитетини шакллантириш билан бирга мазкур иллатларнинг салбий оқибатларидан огоҳликларини оширди.
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА