Президентимизнинг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан вазирлик ва идоралар ҳамда барча ҳокимликлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Бу қандай вазифалар ва улар қандай бажарилиши керак? Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи Мирсаид Ҳайдаров билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Фармон билан “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” тасдиқланди.
Дастурда 33 вазирлик ва идоралар ҳамда барча ҳокимликлар зиммасига аниқ вазифалар ва 111 тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини комплекс равишда амалга ошириш юклатилди.
Идоралар ва ҳокимликлар ўз соҳаси ва ҳудуди кесимида Миллий дастур ижросини манзилли ташкил этиш бўйича ҳар чораклик “йўл хариталари”ни тасдиқлаши ҳамда ҳар ой якунида амалга оширган аниқ ишлари юзасидан Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигига ҳисобот киритиб бориши белгиланди.
Жорий йил якунига қадар бугунги кундаги амалиёт, замон талаблари ва илғор хорижий тажрибаларни комплекс ўрганган ҳолда гиёҳвандлик воситалари айланмасини тартибга солиш механизмлари ҳамда наркожиноятларнинг олдини олиш ва фош этишда давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ масъулиятини белгилайдиган “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади.
– Наркожиноятчиларга жазо тайинлаш оғирлаштириладими?
– Фармонда уюшган наркожиноятчиликка жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қарши курашиш фаолиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли алоҳида янги бўлим киритиш белгиланди.
Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларига асосан шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилиши ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин.
Бироқ эндиликда, наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилади.
– Ўзбекистонда вояга етмаганлар ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилишни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу қандай амалга оширилади?
– Ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаганга нисбатан ёки уни жалб қилган ҳолда содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Шунингдек, уларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади.
Бундан ташқари, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш учун жазо икки бараварга оғирлаштирилади. Айнан ушбу жойларда вояга етмаганларни мазкур моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик киритилади.
– Қандай ҳолларда жавобгарлик кескин оғирлаштирилиши мумкин?
– Наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида айрим қилмишлар учун жиноий жавобгарлик икки бараварга оғирлаштирилади. Бунга гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш, кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, Интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда контрабанда қилиш, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини (ўтказиш мақсадисиз) кўп миқдорда ва такроран содир этиш, гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши каби ҳолатлар киради.
Эндиликда, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланади ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
– Прекурсорлар устидан қатъий давлат назорати қандай тартибда ўрнатилади?
– Мамлакатимизда саноат ва тиббиётда фойдаланиладиган кимёвий модда (прекурсор)ларнинг наркотикларни ноқонуний тайёрлаш жараёнига кириб боришининг олдини олиш мақсадида прекурсорлар рўйхати халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда кенгайтирилади ва уни соддалаштирилган тартибда янгилаб бориш (тўлдириш) механизмлари жорий этилади.
Прекурсорлар ишлаб чиқарилиши (хориждан келтирилиши)дан бошлаб, реализация қилинишигача (транзит, маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш, сотиш, сақлаш, бериш ва бошқа) бўлган барча жараёнларни қатъий электрон назорат қилиш тизими йўлга қўйилади.
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги прекурсорлар муомаласи устидан тизимли назоратни амалга оширади ва уларнинг ноқонуний айланмаси юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига тақдимнома киритади.
Ўзбекистонда прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Интернетдаги наркодўконлар ҳамда наркожиноятларни сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ёшлар ўртасида хакатон ўтказилиб, энг мақбуллари амалиётга жорий қилинади.
Норгул Абдураимова, ЎзА